Мақолалар

“Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасининг фазилати

Эй биродар, қаранг, ўлим келмасдан олдин ишларингизни ислоҳ қилиб олинг. Чунки сиз қачон ўлим келиб қолишини билмайсиз. Билингки, умр озгина, ҳасрат эса узоқдир. Эй биродар, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” сўзини кўпайтирмоқ ва унга шукр қилмоқ лозим. Шукр улуғ неъмат учундир. Чунки у шукр билан боқийдир.

Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилади: “Ўликларингизга “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни секин айтиб туринг. Чунки у гуноҳларни парчалаб ташлайди”. Сўрадилар: “Эй Аллоҳнинг элчиси, агар уни ҳаётлигида айтса-чи?”, У зот алайҳиссалом айтдилар: “У гуноҳларни парчалайди, парчалайди” деб такрорладилар.

Аллоҳ таоло муқаддас каломида бундай марҳамат қилади: “Эҳсон – яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир (Раҳмон сураси 60-оят). 

Анас ибн Молик Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилади: У киши айтадилар: “Ла илаҳа иллаллоҳ жаннатнинг қийматидир”. Бошқа хабарда: “Жаннатнинг калитидир”, дейилган.

Айтилади: “Ла илаҳа иллаллоҳ жаннатнинг калити, лекин эшикни очиш учун калитнинг тишлари бўлиши керак. Унинг тишлари ғийбат ва гуноҳлардан пок,  Аллоҳни зикр қилувчи тил, ҳасаддан ва ғийбатдан қўрқувчи пок қалб, шубҳа ва ҳаромдан пок қорин ва гуноҳлардан пок хизмат билан шуғулланадиган аъзолардир”.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Ким лаа илаҳа иллаллоҳ деса, унинг оғзидан кўк қуш чиқади. Унинг икки оқ қаноти дур ва ёқут  билан қопланган бўлади. Сўнгра осмонга кўтарилади ва ундан асаларининг товуши каби ғунғиллаш эшитилади, унга:  “Жим тургин”, дейилади. Сўнгра у: “Йўқ, соҳибимнинг гуноҳи кечирилмагунча жим турмайман”,  дейди, шунда у айтган  кишининг гуноҳи кечирилади. Сўнг у қушда етмишта тил пайдо бўлиб, қиёмат кунигача эгасининг гуноҳини кечиришини сўрайди. Қиёмат куни  бўлса, у қуш келади ва эгасининг қўлидан ушлаб, унга жаннатни кўрсатувчи ва йўл бошловчи бўлади.

Аллоҳ таоло Фиръавнни сувга ғарқ қилди ва Мусо алайҳиссаломни қутқарди. Мусо айтдилар: “Эй Аллоҳ, менга бир амални далолат этгинки, уни қилсам, Сен менга берган неъматга шукр қилай”. Аллоҳ айтди: “Эй Мусо, лаа илаҳа иллаллоҳ, деб айт. Мусо алайҳиссалом зиёда қилишни сўрадилар”. Аллоҳ айтдики: “Эй Мусо, агар етти осмон ва етти ерни тарозининг бир палласига қўйсанг лаа илаҳа иллаллоҳ калимасини бир палласига қўйсанг, албатта,  лаа илаҳа иллаллоҳ калимаси оғир келади”.

Уламолардан бирлари айтади: “Учта нарса борки, уни Аллоҳ таолодан ҳеч нарса тўсолмайди: лаа илаҳа иллаллоҳ калимаси,  ижобат бўлишига ишонган ҳолда қилинган дуо, отанинг фарзанди ҳаққига ва мазлумнинг золимга қарши қилган дуоси”.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Кимга ўлим вақтида лаа илаҳа иллаллоҳ сўзини талқин қилинса жаннатга киради”.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлари ривоят қилинган: “Кимнинг дунёдаги охирги каломи лаа илаҳа иллаллоҳ бўлса, жаннатга киради”.

Аллоҳ таоло барчаларимизни “лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини давомий айтиб юришда бу дунёдан ўтаётган вақтимизда ҳам “лаа илаҳа иллаллоҳ”ни айтишлик бахтини насиб айласин.

Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандийнинг 

“Танбеҳул ғофилин” китоби асосида

Имом-Термизий ўрта маҳсус таълим муассаси

талабаси Муродулло Чориев тайёрлади

 

Read 979 times

Мақолалар

Top