Вақтни беҳуда ва бефойда ишларга сарфлаш, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бирор манфаат етказмайдиган ишларига шўнғиш нафс касаллигининг бир кўринишидир.
Муолажа услуби
Инсон учун вақтдан кўра қимматроқ ва қадрлироқ яхшилик йўқ. Шу боис, уни имкон қадар абадий ҳаётида фойда келтирадиган амалларга сарфлаши керак. Аксар вақтини Аллоҳ таолонинг ибодати ва зикри билан ўтказиши лозим. Зеро, инсон фақат ибодат учун яратилган. Қолаверса, барча амалларини ихлос ва Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш нияти билан адо этиш зарур.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бекорчи ва бефойда нарсаларни тарк қилишга чақирардилар. Бу ҳақда Абул Ҳавро Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Ҳасан ибн Алига: “Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан нимани ёдлаб олгансан?” дедим. У менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени шубҳалантираётган нарсани тарк этиб, шубҳасизини ол. Чунки ростгўйлик хотиржамлик, ёлғон эса шубҳа-гумондир”, деб ўргатганлар, деди» (Имом Термизий ривояти).
Турбаштий раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳадис шарҳида дейди: “Сен ҳар қандай шак-шубҳали нарсадан воз кечиб, бегумон ва шубҳасизини ол! Ҳадисдаги: “Сени шубҳалантираётган нарсани тарк эт”, деган гапнинг маъноси шуки: “Ман этилгани ёки рухсат берилганини, суннат ёки бидъат эканини билолмай, сени шубҳалантирган гаплар ҳамда амалларни тарк этиб, шубҳа-гумонсизини танла”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Киши ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк қилиши унинг Исломи гўзал эканидандир” (Имом Термизий, Ибн Можа ривояти).
Ким ўзи учун беҳуда нарсани тарк этса, фойдали иш билан шуғуллана бошлайди.
Ҳусайн ибн Мансур раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Нафсингизга эҳтиёт бўлинг! Агар уни фойдали иш билан машғул қилмасангиз, у сизни (фойдасиз ва гуноҳ иш билан) банд қилади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Икки (буюк) неъмат борки, кўп одамлар улардан ғафлатда бўладилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир” (Имом Бухоий ривояти).
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Инсон ўзига омонат қилиб берилган вақтнинг қадрини билиши ва ҳар бир дақиқасини фақат фойдали нарсалар учун ишлатиши керак”.
Бу мавзуни Мавлоно Садриддин Қошғарий раҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли насиҳатлари билан якунлаймиз: “Ҳар нафас олиш ва чиқаришда инсон бутун бир хазинани йўқотади. Банда унутмасинки, Аллоҳ ҳар лаҳзада унга яқин ва уни кузатиб турибди”.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.