Мақолалар

ҒАФЛАТДА ҚОЛМАНГ! бир йиллик гуноҳларга каффорат,  бир йиллик қут-барака

МУҲАРРАМ ОЙИ ҚАНДАЙ ОЙ? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло ҳурматли қилган муқаддас тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ЎНИНЧИ КУНи яъни, АШУРО КУНИ алоҳида фазилатларга эга.  

АШУРО ҚАНДАЙ КУН? Бу кун ҳақида Набий (алайҳиссалом): “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Бас, шу боис Мусо бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар (Имом Бухорий ривояти) ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар”.

АШУРО КУНИ ҚАНДАЙ ФАЗИЛАТЛАРГА ЭГА? БУ КУН рўза тутиш бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлажак”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

БУ КУН аҳли оилага кенгчилик қилиш бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Бу ҳақда Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Мунташирдан, у киши отасидан ривоят қилиб айтадики: Бизга келган хабарга кўра, ким Ашуро куни оила аҳлига кенгчилик қилиб берса, Аллоҳ таоло унга йил давомида кенгчилик қилиб қўяди.

АШУРО КУНИНИ РАСУЛУЛЛОҲ (СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ) ҚАНДАЙ ЎТКАЗАРДИЛАР? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун у кунни жиддият билан излаб, ҳисоб-китобини қилиб пойлардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу кун – Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб ва ушбу ой – Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим”, деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

ЭСДА ТУТИНГ! МУҲАРРАМ ОЙИНИНГ ЁЛҒИЗ ЎНИНЧИ КУНИДА ЭМАС, ТЎҚҚИЗИНЧИСИДА ҲАМ РЎЗА ТУТИЛАДИ.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам шу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насоролар улуғлайдиган кун-ку! – дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ хоҳласа  келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”,  дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).

Read 8237 times
Tagged under

Мақолалар

Top