Мақолалар

Ҳасад - 47 қисм

Инсонларга нисбатан муросасизлик, уларнинг муваффақиятлари, ютуқлари ва бойлигини кўра олмаслик, бир сўз билан айтганда ҳасад қилиш нафснинг энг ёмон касаллигидан биридир.

 Муолажа услуби

Кимки: “Нега унда бор, лекин менда йўқ?!” деб одамларга нисбатан ҳасад қилаётган бўлса билиб қўйсинки, у Аллоҳ таолонинг тақдирига эътироз билдираётган бўлади. Чунки фақат ёлғиз Аллоҳ таоло бандаларнинг ризқини тақсимловчи, уларга неъматларни ато этувчи Зотдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ҳасаддан огоҳлантириб: “Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Бир-бирингизга ғазаб ва ҳасад қилманг ҳамда бир-бирингиздан юз ўгирманг. Балки Аллоҳ таолонинг бир-бирига биродар бандалари бўлинглар. Ҳеч бир мусулмонга биродари билан уч кундан ортиқ ҳижрон қилиши (аразлаши) ҳалол бўлмайди” (Имом Муслим ривояти).

Яна Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизни ёмон кўришдан сақланинг, чунки бу қирувчи нарса. Мен сизга у сочни қиради, демайман. У динни қиради”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бугунги кунда айрим мўмин-мусулмонларнинг бир-бирига нисбатан муросасизлиги ҳам айнан ўзаро ҳасад қилишдан, меҳр ва муҳаббатнинг етарли эмаслигидан келиб чиқмоқда.

Абдулкарим Қушайрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «“Донишмандлар бундай деб айтардилар: “Кимки ҳасадгўй бўлса, зинҳор бахтли бўлмайди!”».

Буюк халифа Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ: “Ҳасадгўйдан кўра золимроқ одамни кўрмадим. Чунки у доимо ҳасад оловида ёнади ва ҳамиша ўзини ҳамда бошқаларни қоралаб, ҳақорат қилиб юради”, деган.

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Read 1062 times

Мақолалар

Top