Мақолалар

Аллоҳнинг неъматига бепарво бўлмайлик!

Аллоҳ таоло жуда кўп неъматларни биз бандалар учун яратди. Неъматларнинг баъзиларини тановул қилсак, баъзиларини кўриб қувонамиз. Яна баъзилари оғиримизни енгил қилса, бошқалари узоғимизни яқин қилади. Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида марҳамат қили:

وَالْخَيْلَ وَالْبِغَالَ وَالْحَمِيرَ لِتَرْكَبُوهَا وَزِينَةً وَيَخْلُقُ مَا لَا تَعْلَمُونَ 

 Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга минишлари учун ҳайвон уловларни яратганини билдирганидан сўнг инсонлар билмайдиган нарсаларни яъни уловларни яратишини маълум қилди. Муфассир уламоларимиз оятдаги бу қисмни шундай тафсир қилганлар:

“Бу оят ҳозирги кунимиздаги сув, ҳаво ва қуруқликдаги транспорт воситаларининг яратилишига ишорадир. Негаки, ўша транспорт воситаларини ихтиро қилиш Аллоҳ таолонинг инсонларга берган имконияти, ақл-заковат ва куч-қудрати билан  амалга ошган, Аллоҳ таолонинг ўзи инсонларни мана шу ишга муваффақ айлаган. Аллоҳ  таоло бу борада Ўз каломи шарифида шундай марҳамат қилади:

 وَاللَّهُ خَلَقَكُمْ وَمَا تَعْمَلُونَ 

Ҳолбуки, сизларниҳам, сиғинаётган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!” (Соффат сураси, 96 оят).

Шундан келиб чиқиб, инсонлар қўли билан ясалганига қарамай, еру кўкдаги барча транспорт воситалари Аллоҳ таолонинг инсонларга берган улкан неъмати деб  айта оламиз.

Ҳар бир неъматнинг масъулияти бўлганидек, транспорт воситаларидан фойдаланишда ҳам ўзига яраша масъулиятли жиҳатлар мавжуд. Биринчи навбатда ўша транспортдан фойдаланиш борасидаги илмларни мукаммал эгаллаш муҳим. Кейинги ўринларда эса мазкур неъматнинг шукри, уни яхши ишларга сафарбар қилиш каби мезонлар туради.

Ҳар яхшининг бир ёмони бор деганларидек, бугунги кунимизда мана шу транспорт воситалари иштирокида кўплаб кишиларнинг ҳаётига якун ясаётган ҳалокатлар ҳақида эшитяпмиз, баъзида  ўзимиз ҳам ўшандай ҳодисаларнинг гувоҳи бўлаяпмиз.

Бундай фалокатларнинг аксар қисми биз юқорида айтган масъулиятларни ҳамда йўл ва унга боғлиқ одоб-ахлоқ ҳамда қонун-қоидаларни  билмаслик, йўл транспорт воситаларидан нотўғри фойдаланиш, қонун-қоидаларга риоя қилмаслик оқибатида келиб чиқмоқда, десак хато қилмаган бўламиз.

Баъзида одамлар орасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш динимизда йўқ, фақат Қуръон ва суннатдаги ҳукмларга бўйсуниш керак холос, бошқасига амал қилинмайди, деганини эшитиб қоламиз. Улар бу гапларни қайси диний асосга кўра айтаётганидан ҳайрон қоласан киши. Уларнинг йўл-ҳаракат қоидаларига амал қилмаслигининг ўзи ҳам динимиздаги буйруқларга итоат этмаслигининг нишонидир. Биринчидан, улар йўл-ҳаракат қоидаларига риоя қилмаслиги оқибатида аввало ўзларининг ҳаётига хавф туғилади. Бу борада Қуръони каримда:

...وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ وَأَحْسِنُوا إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ  

“...ва ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..”  (Бақара сураси, 195 оят) деб буюрилган. Иккинчидан, бошқаларнинг ҳаётига хавф туғдиради, бировларнинг умрига зомин бўлиши мумкин. Инсонларнинг жонини эса динимиз ҳимоя қилган. Аллоҳ таоло ўз каломи шарифида бошқаларни умрига зомин бўлганларга нисбатан шундай оят нозил қилган:

مِنْ أَجْلِ ذَلِكَ كَتَبْنَا عَلَى بَنِي إِسْرَائِيلَ أَنَّهُ مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا ...

“...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир...” (Моида сураси, 32 оят).

Йўл-ҳаракат қоидаларга амал қилмаслик “иш боши” яъни бошлиқларга ҳам итоат қилмасликдир. Бу эса Аллоҳ таолонинг:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ ... 

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!..” (Нисо сураси, 59) оятига тескаридир.

Бундан ташқари, динимизда йўл борасида алоҳида кўрсатмалар мавжуд. Ўша кўрсатмалар асоси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларида жамланган:

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўлда ўтиришдан сақланинглар”, дедилар. Шунда саҳобаи киромлар: “Ё, Расулуллоҳ, бизни бундан бошқа суҳбатлашиб ўтирадиган жойимиз йўқ”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар йўлни танласангиз унинг ҳаққини адо этиб қўйинглар!”, дедилар. Саҳобаи киромлар: “Эй, Аллоҳнинг Росули, йўлнинг ҳаққи нима?”дедилар. Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўзни юмиш, озор беришдан тийилиш, саломга алик олиш ва яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).

Уламоларимиз ҳам транспорт воситаларини ҳайдовчи мусулмонларга йўл билан боғлиқ бир қанча одоб-ахлоқ ва кўрсатмалар бериб ўтганлар. Энди, ўша кўрсатмаларга назар солсак.

Аввало, ҳайдовчи киши Аллоҳ таоло буюрган нарсаларни қилиш, қайтарган ишлардан сақланиш ила Аллоҳга тақво қилмоғи лозим. Зеро, барча ишлар тақво туфайли гўзал хотима топади. Қийинчиликлардан чиқиш йўли ҳам, енгиллик сабаби ҳам тақво билан бўлади. Аллоҳ таоло бу борада Қуръони каримда шундай деб ваъда беради:

وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مَخْرَجًا 

“...Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур”(Талоқ сураси, 2 оят).

وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مِنْ أَمْرِهِ يُسْرًا

“...Кимки Аллоҳга тақво қилса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур”. (Талоқ сураси, 4 оят).

Иккинчидан, уловни минаётганда ёки уйдан чиқаётганда тақдирга Аллоҳдан эканини ҳис қилиб, кучли таваккал қилиш. Чунки ким Аллоҳга таваккал қилса Аллоҳнинг ўзи унга ёрдам беришда етарлидир. Сабабларни ҳам қилиб қўйишлик гўзал таваккалнинг аломатидир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

Агар бирор киши уйидан чиқаётганда “бисмиллаҳи таваккалту ъалаллоҳи, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” деб айтса бир фаришта у учун “ҳидоят қилиндинг, кифоя қилиндинг, ҳимоя қилиндинг” дейди. Шайтон ундан қочиб кетади. Шунда бошқа шайтон у(шайтонга) қараб: қандайқилиб сенга ҳидоят қилинган, кифоя қилинган ва ҳимоя қилинган киши (томон)га  йўл бўлсин, дейди” (Абу Довуд ривояти.)

Учинчидан, уловга минишда ва сафарга чиқишда албатта, дуоларини доимо ўқиб юришлик. Мазкур дуолар сабабли улуғ баракотлар бўлади, бироқ буни кўпчилик ҳайдовчилар билмайдилар.

Тўртинчидан, ҳайдовчилик вақтида ҳаром қилинган ишлар, шаҳватни қўзғатадиган турли мусиқалар, спиртли ичимликлар ичишдан сақланиш лозим. Чунки бу гуноҳлар Аллоҳ таолонинг ҳимоясидан узоқлаштиради, Унинг азобини тезлаштиради. Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида инсонларни  гуноҳлари туфайли тутишни қуйидагича баён қилган:

 فَكُلًّا أَخَذْنَا بِذَنْبِهِ ...

Биз (уларнинг) ҳар бирини ўз гуноҳи билан тутдик...” (Анкабут сураси, 40 оят).

Бешинчидан, бомдод намозини жамоат билан адо қилишлик. Банда бу иши билан Аллоҳнинг зиммасига ўтади. Зеро, ҳадиси шарифда “Ким бомдод намозини жамоат билан адо қилса, у Аллоҳнинг зиммасида бўлади”, деб бежизга айтилмаган.

Олтинчидан, “Зуҳо” намозини ҳам ўқиб юриш. Чунки, Аллоҳ таоло  мазкур намозни адо қилган кишини сақлашни ҳадиси қудсийда қуйидагича ваъда қилган:

Эй одам боласи, куннинг аввалида тўрт ракаат (намозни адо қилишдан) ожиз қолма!(Агар шуни қилсанг) куннинг охиригача сенга Ўзим кифоя қиламан”.

Еттинчидан, мусулмон кишининг қони, моли ҳаром қилинганини доимо ёдда сақлаб туриш, бировга озор бериб қўйишдан сақланиш.

Саккизинчидан, миниб юрган уловининг ҳам Аллоҳ таолонинг неъмати эканини ёдда тутиш, унинг шукрини адо қилиш.

Тўққизинчидан, уловни минишдан ёки у билан сафарга чиқишдан олдин яхшилаб текшириб, кўздан кечирмоқ . Бу шаръан матлуб сабабларни қилиш ҳисобланади.

Ўнинчидан, ҳайдовчилик, йўл-ҳаракати қонун-қоидалари ва илмларига қатъий риоя қилмоқ. Чунки бунда мусулмонларга кўплаб фойдали жиҳатлари ҳам мавжуд.     

Мазкур кўрсатмалар ҳар бир мусулмон киши билиши, амал қилиши керак бўлган билимларнинг асосийлари холос. Бундан ташқари, яна бир қанча йўлда ҳаракатланишга доир динимиз тақозо этадиган  одоб-ахлоқ қоидалари бўлиб, ҳайдовчиларнинг аксари буларни билишади.

Кимда ким ўз улови бировнинг ҳаётига якун ясовчи қуролга айланишини, у сабаб оилалар бошлиқсиз, аёллар эрсиз, болалар ота-онасиз, ота-оналар фарзандсиз қолишини хоҳламаса, йўл ҳаракати қоидаларини яхши билмоғи, энг асосийси ўша билим ва кўникмаларига амал қилмоғи лозим.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг тўғри йўлига ҳидоят қилиб, доимо бошқаларга манфаати етадиган инсонлардан айласин.

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти

 “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

Read 5447 times

Мақолалар

Top