Мақолалар

Аёл меҳр билан онадир!

Қуръони карим эркагу аёлга, ҳуру қулга бирдек нозил бўлди. Оятлар сабаб синфий гуруҳлар орасидаги масофалар қисқарди, инсонлар бир-бирига яқинлашди, ғазаб босилди, хиёнат камайди, муҳаббат ва садоқат энг юқори даражага етди. Аёл хизматкорликдан турмуш ўртоқ бўлиш мақомига кўтарилди, буюмдек сотилишдан қутулди. Эркак у билан ўз камчиликларини тўлдирди, у билан бутун бўлди. Оила ҳузур-ҳаловат масканига айланди.

Жоҳилият тугади, саодат келди. Жоҳилият даврида қилган зулмидан ҳузурланганлар ҳидоят таъмини тотгач, мазлум ва мазлумаларнинг озодлиги учун курашадиган бўлдилар.

Қуръони карим: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошлардан бўлган ўтдан сақланг...” (Таҳрим сураси, 6-оят), деб хитоб қилгач, мўминлар хонадонларига жиддий эътибор қарата бошлашди. Ушбу ҳолат аста-секинлик билан алоҳида оилалардан жамиятга кўчди.

Инсонларнинг руҳида ўчмас из қолдирган Абдуллоҳлар, Анас ибн Моликлар ўша уйларда вояга етдилар. Хўш, уларни қандай оналар тарбиялади? У шундай онаки, қиблага юзланиб, саждага бош қўйган, ойнинг шуъласида юзлаб хатмлар қилган ва Қуръонга сидқидилдан, ихлос ила амал қилган! Аслида, аёл фақат фарзанд дунёга келтириши билан эмас, меҳри билан она. Она фарзандига хизмат қилишдан чарчамайди ҳам, эринмайди ҳам. “Ярим кечаси нега мени уйғотасан?” деб фарзандини уришмайди. Уйқусида ҳам, уйғоқлигида ҳам боласининг бошини силаган мушфиқ онанинг қўллари ҳамиша меҳрлидир.

Совуқ уйларни ҳам онанинг тафти иситади. Биласизми, мактабдан уйга қайтган бола биринчи бўлиб онасини сўрайди! Меҳрибон онасини кўриши, уни қучоқлаши, мактабда устозидан танбеҳ олган ёки мақтов эшитган бўлса, буни аввало волидасига айтиши керак. Чунки қалбни кўпроқ она яхши тушунади. Бола тўрт девордан иборат уйни яхши кўришининг сабаби ҳам онасидир. Бизга оёққа туришни ўргатган ҳам, қавму қариндошларга меҳрли қилиб қўйган ҳам онадир. Касаллик исканжасида азоб чекиб ётган кўз қорачиғи учун жарроҳлик хонаси ортида дуо қилаётган тўқсон ёшли момога куч берган ҳис ҳам оналик туйғусидир...

Аҳроржон ИСКАНДАР ўғли

“Мўминалар” журналининг 2023 йил 2-сонидан олинди.

Read 930 times

Мақолалар

Top