Мақолалар

Бойлик севгиси - 50 қисм

Нафс касаллигининг аломати – мол-дунё тўплашни яхши кўриш, аммо хайр-саховат, инфоқ, эҳсон, садақа қилишни истамаслик.

 Муолажа услуби

Инсон ўлим кутилмаганида эшик қоқишини ва ундан рухсат сўраб ўтирмасдан бостириб киришини унутмаслиги керак. Мўмин мол-дунёни аввало ўзи ва оиласи, аҳли-аёлининг эҳтиёжлари учун сарфлайди ҳамда улардан ортганини эса камбағал, мискин, ночорларга ажратади.

Олаётган ҳар бир нафаси ғанимат ва охиргиси бўлиши мумкинлигини англаб етган банда мол-дунёни тўпламайди, зиқналик қилмайди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қайсингизга меросхўрнинг моли ўз молидан кўра суюклироқ?” дедилар. Саҳобалар: Ё Аллоҳнинг Расули, орамизда бирор киши йўқки, ўз моли суюклироқ бўлмаса”, дейишди. У зот алайҳиссалом: Сарфлагани ўзининг моли, қолдиргани эса меросхўрининг молидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Буюк саҳоба Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу касал бўлиб қолганларида, мусулмонларга қарата: “Токи тирик экансиз ва сизга муҳлат берилган экан яхши амаллар қилиб қолинг! Яхшиликларни кейинга қолдирманг, уларни дарҳол бажаринг ва бир кун келиб пушаймон бўлиб: “Уни, буни қилсам бўларкан” деб қоласиз. Унда энди имкон бўлмайди. Шунинг учун вақти соати келиб мол-дунёингиз меросхўрларингизнинг ҳаққига айланмасидан олдин яхшилик қилиб қолинг. Билингки, сиз нимаки хайр-эҳсон қилган бўлсангиз барчаси сизники, ундан бошқа қолгани эса, меросхўрларингизга тегишлидир”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

 

Read 1003 times

Мақолалар

Top