Мақолалар

Депрессия (тушкунлик)дан қандай қутулиш мумкин?

Дунё кун-сайин ривожланмоқда, технология соҳаси ҳам соат сайин тараққий этмоқда. Лекин инсонларнинг ахлоқий-маънавий жиҳати тобора ёмонлашиб бормоқда.

Инсоният турмуш тарзи, транспорт, алоқа ва барча соҳалар ўта замонийлашган бўлсада, аммо ҳаёт тобора мураккаблашиб, қийинлашиб бормоқда.

Тартибсизлик, умидсизлик, тушкунлик кун тартибимизга айланяпти. Бахтли, қувончли кунлар ўтмишдаги орзу бўлиб қоляпти. “Камбағал бўлиб қолсамчи”, “Саратон касалига дучор бўлсамчи” деган қўрқув ва ҳадиксираш инсонлар ақлини банд қилмоқда. Бу каби кишилар қалби ва онгида яширинган қўрқувлар инсонларни тушкунликка олиб бормоқда.

Шуни билингки, банданинг ризқи кенг ёки тор бўлиши, бемор ё соғлом бўлиши фақат Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан бўлади. Ҳатто битта дона барг ҳам Аллоҳнинг изнисиз узилиб ерга тушмайди. Агар инсон ҳар бир иш фақатгина Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишига чин қалбдан ишонса турли шубҳалар, хавотирлар асло уни ташвишга солмайди. Бугунги кунда замонавий қашшоқлик ҳукм сурмоқда. Бу – бойлик бор, лекин бахт йўқ деганидир.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Абу Зарр, молнинг кўплигини бойлик деб ўйлайсанми?” дедилар. “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дедим. У зот алайҳиссалом: “Молнинг камлигини камбағаллик деб ўйлайсанми?” дедилар. “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дедим. У зот алайҳиссалом бундай дедилар: “Ҳақиқий бойлик қалбнинг бойлигидир, ҳақиқий камбағаллик эса қалбнинг камбағаллигидир. Кимнинг қалби бой бўлса, дунёда дуч келган нарсаси (қийинчиликлари) унга зарар қилмайди. Кимнинг қалби камбағал бўлса, дунёни қанча кўп тўпламасин, фойда бермайди. Зиқналиги унга зарар етказади, холос”.

Қаноатли банда дунё ташвишларидан маҳзун бўлмайди, тушкунликка тушмайди. Зеро, пулга уйни сотиб олиш мумкин, лекин хотиржамликни эмас, пулга тўшак сотиб олиш мумкин, лекин уйқуни эмас. Шифокорлар бугунги кунда жуда кўплаб одамлар уйқусизлик касалига дучор бўлаётганидан огоҳлантирадилар.

Бошқа томондан, йўл устида, шовқин, тирбанд жойда, одамларга ишга шошаётган вақтда дарахтнинг сояси тагида бир тиланчи камбағалнинг ухлаб ётганини кўришингиз мумкин.

Инсонни тушкунликка туширадиган энг катта сабаб ва омил бу – гуноҳдир. Бу ҳақда психотроп ёки гиёҳванд модда истеъмол қилган ёш йигитдан сўраб кўринг. У дастлаб осмонларда, булутлар узра учиб юради. Аммо ўзига келганда шундай тушкунликка тушадики, унинг кўзига фақатгина икки йўл кўринади: биринчиси: ўз жонига қасд қилиш, иккинчиси: яна дориларни қабул этиш...

Инсонни тинчлантирувчи дорилар вақтинчалик алдовдир. Бу билан ўзингизни-ўзингиз алдайсиз. Ҳақиқатни яшираётганингизни ўзингиз яхши биласиз. Бундай ниқоб орқали сиз барибир тинчликка эриша олмайсиз, муаммодан чиқмайсиз.

Сизнинг бу ҳолатингиз гўёки машина устасига бориб, “машинамдан қандайдир овоз чиқяпти, лекин муаммо нимада эканини топа олмаяпман” деган кишига ўхшайди. Уста ҳам машинани текшириб кўриб, у ҳам муаммо нимада эканини топа олмайди. Шунда ҳайдовчига бир таклиф беради. “Мен бу муаммони ҳал қилиб бера оламан. Агар машинангизни ҳайдаганингиздаги овоз сизни қаттиқ безовта қилаётган бўлса, радио овозини бироз кўтариб қўйинг, холос. Бу билан ваъда бераман сизнинг муаммоингиз текинга ҳал бўлади”.

Аммо бу билан сиз муаммони ҳал қилганингиз йўқ! Фақатгина унга ниқоб кийдирдингиз, беркитиб, яширдингиз. Лекин муаммо сизнинг ўй-ҳаёлингизда тураверади, кун сайин катталашиб, ёмонлашиб кетаверади.

“Аллоҳ сиз билан бирга” дегани бу – тўлқинсиз денгизда сузиш дегани эмас. Аллоҳ сиз билан дегани бу – тўлқин, тўфон таъсир қила олмайдиган кемада сузиш деганидир.

Чунки денгизга тушган одам тўлқинга дуч келмайди деб ҳеч ким кафолат бермайди. Демак, инсон ҳаётда албатта муаммога йўлиқади. Лекин Аллоҳ сиз билан бирга экан, ҳеч қандай бўрон ёки тўфон кемангизни чўктира олмайди. Бу руҳий хотиржамлик, Аллоҳга чин қалб ила ишонишдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадисларида айтганларидек: “Кимнинг қалби бой бўлса, дунёда дуч келган нарсаси (қийинчиликлари) унга зарар қилмайди”.

Қалби бой бандани синовлар тушкунликка тушира олмайди. Бу билан банда ҳар қандай мусибатга беэътибор бўлади демоқчи эмасмиз. Йўқ, асло. Бундай бандага Аллоҳ таоло Ўзи куч-қувват, диққатни жамлай олиш қобилиятини беради. Натижада, банда мусибат вақтида асабийлашмайди, ўзини йўқотиб ҳам қўймайди. Охиратдаги мукофот ва савоблар умидида гўзал сабр қилади, фақат Аллоҳга суянади...

 Даврон НУРМУҲАММАД

Read 772 times

Мақолалар

Top