Мақолалар

Қуръон ҳофизи Шайх Ториқ Абдулбосит Абдуссомад

Қуръон ҳофизи Абдулбосит Абдуссомад телевидение ва радиода Қуръони карим тиловатидан ўқиганида ёш Ториқ отаси сингари Қуръони каримни ёд олишга меҳр қўйган эди. Шу сабабли, ҳали ўрта таълим мактабига қабул қилинмасидан, Қуръон илмини ўрганишга киришди. Абдулбосит Абдуссомаднинг саккиз нафар ўғли бўлиб, уларни Қуръон ҳофизи бўлиб етишишини ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Шунингдек, фарзандларини қайси соҳадаги илмни эгаллашда ихтиёрини ўзларига бериб, Қуръони каримга эътиборли бўлишни шарт қилди. Бу буюк мақсад сари кенжа ўғил Ториқ отасининг йўлидан боришга интилди.      

Ториқ Абдулбосит Абдуссомад 1959 йилда Қоҳира шаҳрида таваллуд топди. Ўрта таълим мактабини тамомлаб, университетда ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсилни давом эттирди. Шундан сўнг, Абдуссомад тажвид қоидасини пухта ўрганиш мақсадида Ал-Азҳар университетига қабул қилинди. Унинг фикрига кўра, киши Қуръони каримни ёдлашни бошлаганда, даставвал, машҳур қорилар тиловатларини тинглаб, уни онгига сингдириши, сўнгра, ўзига хос услубни танлаши лозим.

Ториқ Абдулбосит Абдуссомад отаси ёнида юриб, унинг қироатидан таъсирланган ҳолда, етук мураттаб қори бўлиб етишди. Отасидан Қуръон илми ва унинг қоидаларни ўрганди. Аллоҳ таолонинг инояти билан марҳум Шайх Абдулбосит Абдуссомаднинг чиройли овози фарзандига мерос қолди. Бу ҳақда унинг ўзи бундай дейди:

 “Қуръони каримни марҳум отамнинг овози сингари тиловат қилишга қодир эмасман, лекин овозимиз ўхшаши бу Аллоҳнинг марҳаматидир. Отамнинг қироатдаги ва ўзгалар билан суҳбатлашиш услуби менга мерос бўлган”.

Шайх Ториқ Абдулбосит Қуръони карим тиловати бўйича ўтказиладиган тадбир ва Халқаро Қуръони карим мусобақаларида ҳакам сифатида иштирок этиб келади.

Шайх Ториқ Қуръони карим ҳофизи бўлиш киши зиммасига катта масъулиятни юклашини, Қуръони каримни ҳар куни 3-5 порадан такрор қилиш лозимлигини таъкидлайди.

Ториқ Абдулбосит Абдуссомад отасини хотирлаб бундай дейди: “Марҳум отам, мени ва барча ака-укаларимни камтар бўлишга ўргатарди. Ўзи обрў-эътиборли бўлишига қарамай, кишилар ўртасини ажратмасдан, барча билан алоҳида саломлашарди. Падари бузрукворимиз Қуръони карим тиловати одобларига қатъий риоя этиш ва тақволи бўлишни васият қилиб, айтган эдики: “Қуръони карим сизнинг дастурул амалингиз ва бундай хайрли яшаётганингиз сабабчисидир. Шундай экан, доимо уни эъзозланг”.

Мен ва акаларим отам билан бирга кўпгина тадбир ва Қуръон тиловати кечаларида қатнашардик. Кунларнинг бирида Мисрнинг Қино вилоятида 5 минг киши иштирокида ташкил этилган тадбирда отам билан бирга эдик. Шунда мен 18 ёшда эдим. Отам тиловат қилиб берганидан кейин, одамлар отамдан ўғилларидан бири тиловат қилиб беришини илтимос қилди. Шунда отам бизга юзланди. Акамга таклиф қилган эди, у тортиниб, рад қилди. Сўнгра мен тиловат қилишга киришдим. Дастлаб жамоа ҳайбатидан қўрқувга тушган бўлсамда, Аллоҳга таваккул қилдим. “Фотиҳа” сурасини тиловат қилдим, кейин Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саловат айтдим. Бор кучимни йиғиб, 15 дақиқа Қуръони каримдан тиловат қилдим. Отам мамнун бўлиб: “Аллоҳ қалбингни кенг қилсин”, деб дуои хайр қилди.

Ҳозирда давлат қонунчилигида ҳуқуқшунос лавозимида фаолият олиб бораётган Шайх Ториқ Абдулбосит Абдуссомад Қуръони карим тиловатини ташлаб қўймасини айтиб, Қуръони карим тажвид ва тиловат қоидаларини устоздан таълим олиш ва унинг одобларига қатъий риоя этиш зарурлигини таъкидлайди.

 

                                                                                     Илёсхон АҲМЕДОВ

 

Read 9221 times

Мақолалар

Top