Мақолалар

Елкаларида қориларни кўтариб юрувчи давлат ҳақида эшитганмисиз?

Таиланд аҳолисининг 4,6 фоизи Ислом динига эътиқод қилади. Ислом дини Таиландга араб ва форс савдогарлари сабабли кириб келган. Наратхиват, Яла, Паттани ва Сатун шаҳарларида аксарият мусулмонлар яшайди. Улар жами мусулмон аҳолининг 82 фоизини ташкил этади. Таиландда жами 3494 та масжид расмий рўйхатдан ўтказилган. Шундан 170 га яқини мамлакат пойтахти Бангкок шаҳрида, Шарқий вилоятларида 117 та, юқори жанубий қисмида эса 699 та, жанубий қисмида энг кўп 2257 та масжид жойлашган. Ушбу масжидларнинг аксарияти маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қурилган. Яна янги масжид ҳамда мадрасалар қурилмоқда.

Таиландаги мусулмонларнинг аксариятини Эрон, Хитой, Покистон, Бангладеш ва Бирма каби давлатлардан келганлар ташкил этади. Ислом динининг ижтимоий тенглик тамойили ушбу динга эргашувчиларнинг сони орттишига сабаб бўлмоқда.

Таиланд мусулмонлари суннийликнинг ҳанафий мазҳабида. Мамлакатнинг марказий ва шарқий қисмларида Ислом илмларидан сабоқ берувчи мактаблар бор. Ўқувчилар масжидлар қошидаги мадрасаларда амалиёт ўташ учун юбориладилар. Мадрасага 14 ёшдан қабул қилинади. Дарс машғулотларида Қуръон илмлари, араб ва малай тиллари ҳамда Исломдаги ибодатларни чуқур ўрганишади. Мадрасада ўрта ва олий маълумотли талабалар тайёрланади. Жами 395 та диний таълим муассасалари мавжуд. Таиланд “Naradiwas” университети қошида Ислом тадқиқотлари академияси фаолият юритади.

Таиландда 150 га яқин мусулмонлар жамияти ва хайрия ташкилотлари фаолият юритади. Давлат қонунларига кўра, мамлакатдаги ҳар бир фуқаро эътиқод эркинлигига эга. 26 та Исломий банкларнинг турли бўлимлари аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Мусулмонлар идораси аҳоли диний эҳтиёжлари ва у билан боғлиқ масалаларни ҳал этувчи марказий ташкилот ҳисобланади. Идорага Шайхул Ислом раҳбарлик қилади. Шунингдек, давлат хизматчиси сифатида шариат кўрсатмалари асосида фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи қози лавозими ҳам жорий этилган.

Кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этувчи, мамлакатдаги энг муҳташам “Дорул ибодат” жоме масжиди 1943 йилда барпо этилган. Дастлаб ёғочдан қурилган музкур масжид 2006 йил тўрт қаватли қилиб қайта қурилди. Ҳар бир масжид ҳузурида Ислом бошқаруви қўмитаси фаолият юритади. Унга масжид имоми, муаззин ҳамда аҳоли орасидан 12 та киши аъзо бўлиб, улар масжид фаолияти учун жавобгардирлар.

Мамлакатда Қуръон ҳофизларига юксак эътибор қаратилади. Қуръон ойи – Рамазон ойида мусулмонлар миннатдорчилик ва хурсандчилик маъносида қориларни елкаларида олиб юрадилар. Шаъбон ойида қорилар Қуръондан имтиҳон топширишади ва натижалари Рамазон ойида эълон қилинади. Имтиҳондан ижобий ўтганлар Рамазон ойида масжидда Қуръони карим хатмига ўтиш имконига эга бўладилар. Таиландлик мусулмонлар Рамазон ойининг биринчи куни муборак ой ташрифи муносабати билан бирор жонлиқ, унга қодир бўлмаганлар қуш сўядилар.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Read 8835 times

Мақолалар

Top