Мақолалар

Текинхўрлик - 53 қисм

Яна бир нафс касаллиги бу – инсоннинг бошқаларга ўзини Аллоҳга таваккул қилувчи қилиб кўрсатиши саналади. Бу дардга мубтало бўлган банда ризқнинг келиш сабабларини қилмайди, фақат ризқининг келишини кутиб ўтиради. Келмаса сабрсизлик ва норозилик кўрсатади.

Муолажа услуби

Ёлғон таваккулдан халос бўлиш учун инсон ризқи учун ҳаракат қилиши ва сабабларини ушлаши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч ким қўл меҳнати билан топган таомидан кўра яхшироқ нарса еган эмас. Аллоҳнинг набийси Довуд алайҳиссалом қўл меҳнати билан кун кўрар эди, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бундан келиб чиқадики, банда меҳнат қилиб пул топиши, ҳалолдан ризқини излаши, албатта, айни пайтда у Аллоҳ таолога таяниши ва Унинг раҳматидан умидвор бўлиши ҳам керак. Чунки касб қилиш – баданнинг иши, таваккул эса қалб амали.

Мавлоно раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Ризқни талаб қилишни унутиб, фақат ибодат билан машғул бўлишдан сақланинг! Агар мева истеъмол қилишни истайсангиз аввал кўчат экинг!”.

Ҳадиси шарифларда Аллоҳ таоло соғлом бўла туриб, ишламайдиган кишиларни ёмон кўриши айтилган. Бундай киши на дунёси учун ва на охирати учун ҳаракат қилади.

Исо алайҳиссалом бир одамни учратиб, ундан:

“Нима иш қиласан?” деб сўрадилар.

У киши: “Ибодат қиламан”, деди.

“Қайдан қилиб таомланасан?” дедилар.

“Биродарим таом тайёрлаб беради”, деди.

Исо алайҳиссалом: “Сенга таом бериб турадиган биродаринг сендан обидроқ экан”, дедилар.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳ таоло ризқ беради, деб, касб қилишдан қўлларингизни тортманглар, Аллоҳ таоло тилла тангаларни осмондан ёғдирмайди”.

Муҳаммад ибн ал-Кассор раҳимаҳуллоҳ: “Меҳнат қилишни хоҳламаслик одамни тиланчилик қилишга мажбур қилади”, деган.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Read 1036 times

Мақолалар

Top