Мақолалар

Вақт – қадри улуғ неъмат.

Ислом вақтнинг қадр-қимматини билдирадиган ва уни жуда эъзозлайдиган дин.

Вақт – гўё ҳаёт кийими тўқиладиган иплар бўлиб, унинг пишиқ ва нафислигига қараб ҳаёт азиз ва бебаҳо бўлади. Агар иплар ёмон ва тўзиган бўлса ҳаёт ҳам тубан, бемаъно ва мазмунсиз бўлади. Вақтнинг яна бир хусусияти агар у ўтиб кетса, қайтиб келмайди. Вақт инсон сарф қиладиган асосий дастамоясидир. У қанчалик кўп бўлса ҳам оздир. Оз бўлсаю баракали бўлса, у кўпдир. Инсон ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқа ва лаҳзасидан унумли ва баракали фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлаши вожибдир. Шунда у Ҳазарати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) марҳамат қилиб айтган ҳадиси шарифлари мазмунига мувофиқ иш тутган бўлади. Расулиакрам (с.а.в) дедилар:

“Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди; умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида” – дейилади.

Ислом таълимоти ялқовлик, лоқайдлик, бепарволик каби ижтимоий иллатлардан узоқда бўлишимизга, ундан паноҳ тилашимизга амр қилади ва ҳар вақт ҳар куни эрта туришга ва хайрли амалларни қилишга, ҳамда ёшлик, сиҳҳат-саломатлик, бойлик, бўш вақт ва дунё ҳаётини ғанимат билишга чорлайди. Имом  ат-Термизий  ривоят  қилган  ушбу  хадисда Расулуллоҳ с.а.в насиҳат  килиб:

 “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат билинг ”. –дедилар.

Буюк олим ва воъиз имом Ҳасан Басрий (р.ҳ) айтадилар: “Ҳар кун тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: “Эй Одам боласи! Мен янги кунман. Сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан бу кунда солиҳ амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёматгача сенга қайтмайман,-деб жар солади”.

Инсон азиз умрини ва олтиндан ҳам қимматли бебаҳо вақтини ғанимат билиши лозимлигини Қуръони карим оятлари шундай талқин қилади:

Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!...”.

Улуғ аждодларимиз кунларини, вақту соатларини фойдали иш қилишга, гўзал аҳлоқий ва илмий даражаларга етишиш йўлида сарф қилишда доим огоҳ ва сергак эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг бугунлари кечагисидан, эртанги кунлари бугунгисидан аъло ва афзал бўларди. Улар: “Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг у сени кесади”.-деган ҳикматли сўзга  амал қилишган.

Ҳар биримиз ўтаётган кунимиз, вақтимиздан ибрат олмоғимиз лозим. Зеро, кеча ва кундуз янгиларни эскиртиради, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни қаритади, кексаларни фонийлик сари етаклайди. Ҳукамолардан бири шундай дейди: “Ким кунини бекорга ўтказса, бир яхши амални қилмаса, инсонларга чиройли сўз ёки яхши муомала қилмаса, бир илму маърифат ҳосил қилмаса, у кунига жабр қилиб, ўзига зулм қилибди”. Доно халқимизда бир мақол бор, унда шундай дейилади: “Вақтинг кетди, бахтинг кетди” Ҳа, вақт гўё улуғ бахт кабидир, уни ғанимат билмаслик катта гуноҳдир: Кунлар, вақтлар тинмай ўтса-ю, қайтиб келмас дақиқаларимизга бепарво бўлсак, бундан панду-насиҳат олмасак, икки дунё саодатига асло мушарраф бўла олмаймиз. Албатта, оқилу донишманд инсон атрофга ибрат назари билан боқади, дунёда кечаётган ҳодиса ва ўзгаришларга, олтиндан қимматли вақтни қадрлаш зарурлигини қалбида тасдиқлайди ва шунга мувофиқ иш тутади.

Улуғ пиру муршидлардан бири Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари бундай деб марҳамат қилганлар: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг”.

Донишмандлардан бири шундай деган экан: “Уч кунлик дунёни бир кун деб ҳисобла. Бир кун ўтиб кетди, яна бир куни келадими,  йўқми, Аллоҳ билади. Сен ҳозирги кунингни ғанимат билиб, ҳаракатдан тўхтама”. Биз учун умримиз неча кундан иборатлиги эмас, балки бугунги кунимизда, айни лаҳзаларда қандай яшай олишимиз муҳим. Бугунимизни, ҳозиримизни қандай ўтказишимиз аҳамиятли. Зеро, улуғлар айтганидек, одамзот ҳаёти тежалган вақтга қараб узаяди.

 Жамиятимиздаги барча инсонлар, улар ким ва қандай мавқега эга бўлмасинлар, айниқса, келажагимиз бўлган ёшларимиз, азиз фарзандларимиз олтиндан қиммат вақт ва ундан унумли фойдаланиш ва уни ғанимат билиши лозимдир. Бунинг учун ҳар бир киши ҳаётдаги масъулиятини чуқур англаган ҳолда иш тутмоғи зарур бўлади. Шунинг учун ёши улуғ кексаларимиз, муҳтарам ота-оналар фарзандларимиз таълим-тарбиясига  бепарво бўлмаслигимиз уларни ўз вақтларини тўғри, солиҳ фойдали амаллар қилишга сарфлашни ўргатишимиз керак. Айниқса, шу кунларда уларни ҳур диёримизда илм масканлари эшиклари касб-ҳунар эгаллаш учун очиб берилганда вақтни ғанимат билиб, барча диққат эътиборларини чуқур билим олишга ундашимиз даркор бўлади. Чунки, бугунги кунимиз ва порлоқ келажагимиз, ана шундай салоҳиятли фарзандларимиз қўлидадир. Инсон ҳаётда ўз олдига маълум бир мақсадни қўйган бўлади, ана шу мақсадга эришишда вақтдан ва ўз имкониятидан ўринли фойдаланишни режага солиши айни муддаодир. “Вақтни зое қилиш” йўлида айрим кишилар тутган йўлдан мутлақо юрмаслик, балки инсонга берилган вақт ва ҳаёт муддати Аллоҳ таоло томонидан чегарали берилганини ва уни ўз ўрнида ишлатиш инсонга ҳаётий дунё бахтини ва ухровий дунё саодатини топиши йўлида асосий омил эканини яхши билиши керак бўлади.

Оқил киши вақтга бепарво бўлиши мутлақо мумкин эмас. Хасис одам мол-дунёга зиқна бўлганидек, мусулмон киши ҳам вақти бекор кетишига рози бўлмаслиги керак.

Инсон баъзан ўзи яшаб ўтказган ҳаётга қарайди. Ҳаёти бошланган соатдан хисоблаб, шунча йил, шунча кун яшабман-а, дейди. Лекин бу муддат унга бир кун ўтганга ҳам ўхшамайди. Инсон бу ҳақиқатни шу дунёнинг ўзидаёқ ҳис этмоқда.

       Динимиз вақтни ғанимат билишга ундаб, саҳар вақтида ибодат учун туришга буюради. Куннинг аввалги қисмидан унумли фойдаланган киши қолган қисмини ҳам зоя кетказмайди. Бунинг учун қуёш чиқмасдан илгари уйқудан уйғониш ва бомдод намозини белгиланган вақтда адо этиш керак. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганлар: «Эй Аллоҳим, эрта саҳардан уйқуларидан турган умматларимга баракот ато қилгин». Чошгоҳ вақтигача ухлаш ғафлат уйқусидир. Бошқалар дунёси ва охиратлари учун қимирлаб-ҳаракат қилиб турган бир вақтда ухлаб ётиш ҳеч дуруст эмас. Расулуллоҳнинг қизлари Фотима онамиз айтади: «Эрталаб ухлаб қолган эканман, отам мени уйғотиб, шундай дедилар: «Эй қизим, уйғонинг, ғафлат уйқусида бўлманг, Аллоҳ субҳдан то қуёш чиққунича ризқларни тақсимлаб беради». Демак, дангаса ёки дангаса эмасликни ўша вақтда уйғониш ёки уйғонмасликка қараб билса бўлар экан. Банданинг зиммасига юклатилган вазифалар унинг вақтини олади. Лекин шу билан бирга, у вазифаларни адо этишда вақтлари кетса ҳам ундан ибрат ва сабоқ олишлари мумкинлигини эслатиб қўяди.

Демак, олтиндан қиммат бебаҳо вақтларимиз, кунларимиз, соатларимиз ва дақиқаларимиз ҳамда ҳар бир кираётган ва чиқаётган нафасларимиз ҳисоб-китобли эканини асло унутмайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга инсон учун берилган бебаҳо умр ва олтиндан ҳам қимматли вақтни фойдали ва савобли ишларни амалга оширишда, умрнинг ҳар бир дақиқаси буюк фурсат ва ғанимат эканини доимо эсда тутиб саъю-ҳаракат қилишда ёру-мададкор бўлсин. 

 

Одилжон Нарзуллаев

Янгийўл тумани  

«Жомеъ» жоме

масжиди имом хатиби

Read 17351 times

Мақолалар

Top