Мақолалар

Заррасидан ҳам сўраласиз

Бировнинг ҳаққи борасидаги илмларни билиш ҳамиша муҳим бўлган. Айни пайтларда халқимиз саводхонлиги ортиб, маънавият-маърифат жиҳатидан юксалиши оқибатида ҳалол-ҳаромни, бировнинг ҳаққини ўзлаштиришнинг салбий оқибатларини билгани сайин бу борада аниқроқ билимларга эга бўлишга интилмоқда.

Бир илмли кишининг ҳузурига ҳамқишлоқлар биргаликда бориб сўрашди: “Биз деҳқонлардан узумни яшикларда оламиз. Бироқ уларнинг барчасининг вазни бирдек эмас. Аммо бир хилда умумий вазн белгилаб олганмиз. Аниқроқ айтадиган бўлсак, битта яшикдаги узумнинг вазни 8,5 кг чиқса, ундан соф узум учун 7,5 кг ҳисобланади ва мана шунга асосан деҳқонга ҳақ берилади. Яшикларнинг баъзилари 1кг чиқмайди, таҳминан 850-900 грамм чиқади. Бунга шариат қандай қарайди?”.

Донишманд: “Дўстим, сиз 100-150 грамм ҳақида гапиряпсиз. Қиёматда заррасига қадар сўраласиз. Шундай экан жуда хушёр бўлинг”, деб жавоб берди.

  Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўради» (Залзала сураси, 8-оят), деб марҳамат қилган. Яъни, кимики зарра миқдорда яхшилик ёхуд унинг аксини қилса, албатта унинг оқибатини кўради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта қиёмат кунида нақирдан ҳам, қитмирдан ҳам сўраласизлар”, деганлар. Яъни, қиёмат кунида ҳурмонинг данаги устидаги юпқа пардасимон пўстоғидек ёки данаги учидаги кичкина нуқтачадек амал қилинадиган бўлса ҳам сўралади.

Бозорга боргандим. Сотувчи картошка тортаётган экан. Тарозу айтилган вазнга келгандан кейин сотувчининг қўлида бир-икки дона картошка қолганди олувчи амаки: “Ташласанг-чи, деҳқонмисан?” деб киноя қилдилар ва ўша картошкаларни ҳам халтасига солиб, фақат ўзи айтган килограмм учун пул тўладилар, холос. Вазиятни кўриб туриб амакига рости ачиниб кетдим. У киши бировни ҳаққига омманинг кўз ўнгида ҳиёнат қилаётганди. Сотувчи уни ноиложликдан қўшиб қўяётганини юзидан пайқаб олиш қийин эмасди. Минг афсуски, бу каби ҳолатлар бозорларимизда кўп учрамоқда. Биров тарозидан уриб қолса, бирови алдаб сотади.

Абутолиб ИСАҚОВ,

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани “Оқ масжид” жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 6391 times

Мақолалар

Top