Мақолалар

Жаннатга илк қадам қўйганингизда...

Фаришталар жаннат аҳлини кутиб олганларида ўзларининг илк сўзларини айтадилар. Нима деб ўйлайсиз улар айтадиган биринчи сўз нима бўлади?

Ҳа, улар “Салом” деб айтадилар. Фаришталар жаннат аҳлини “Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз” деб кутиб олишади.

Сўнгра жаннат аҳли чашмага бориб, у билан покланадилар. Уларнинг баданларидан хушбўй ҳидлар таралади. Кейин улар жаннатга етиб келадилар.

Жаннатнинг дарвозаси томон борадилар, лекин уни очиб, жаннатнинг ичкарисига кира олмайдилар. Чунки жаннатнинг дарвозаларини биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаннат дарвозасининг олдига келадилар ва муборак қўллари билан дарвозани тақиллатадилар.

Жаннат қўриқчиларидан бири:

– Ким у? – дейди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам камтарлик билан:

Мен Муҳаммадман! – дейдилар.

– Сиздан олдин бирорта кишига эшикни очмасликка буюрилган эдим, – деб жавоб беради жаннат қўриқчиси.

Кейин Жаннатнинг дарвозалари аста-секин очила бошлайди.

Тасаввур қилинг, жаннатга биринчилардан бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга киряпсиз...

Жаннатнинг эшиги ёнида юзлаб километр узунликдаги одамлар навбатда турадилар. Уларнинг ҳар бири тезроқ жаннатга киришга шошилади.

Жаннатга киришга навбатда турар экансиз, сизга Қиёмат кунининг жазирамаси ва қийинчиликларини кетказувчи занжабил қўшилган сув берилади. Атрофингизда нур юзли одамлар бўлади. Уларнинг ҳар бири табассум қиладилар, хурсанд бўладилар. Бир-бирларига қилиб ўтган амаллари ёзилган номаи амалларини кўрсатадилар.

Аллоҳ таоло номаи амалларингиздаги барча гуноҳларингизни ўчириб юборган бўлади. Бу сиз билан Роббингиз ўртасидаги сирдир. Бундан ниҳоятда хурсанд бўласиз. Сиз “мана менинг китобимни ўқиб кўринг” десангиз, шерикингиз сизга ўзининг китобини кўрсатиб, “менинг ҳам китобимни ўқиб кўр” дейди. Ҳеч ким бир-бирига ҳасад қилмайди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:

وَنَزَعْنَا مَا فِى صُدُورِهِم مِّنْ غِلٍّۢ تَجْرِى مِن تَحْتِهِمُ ٱلْأَنْهَـٰرُ ۖ وَقَالُوا۟ ٱلْحَمْدُ لِلَّهِ ٱلَّذِى هَدَىٰنَا لِهَـٰذَا وَمَا كُنَّا لِنَهْتَدِىَ لَوْلَآ أَنْ هَدَىٰنَا ٱللَّهُ ۖ لَقَدْ جَآءَتْ رُسُلُ رَبِّنَا بِٱلْحَقِّ ۖ وَنُودُوٓا۟ أَن تِلْكُمُ ٱلْجَنَّةُ أُورِثْتُمُوهَا بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ

“Ва кўксиларидаги ғиллу ғашларни чиқариб олдик, остиларидан анҳорлар оқиб турибди. Улар: «Бизни шунга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, агар Аллоҳ бизни ҳидоят қилмаганда, ўзимиз йўл топа олмас эдик. Роббимизнинг элчилари ҳақни келтирдилар»,–дедилар. Ва уларга: «Мана шу жаннатингизни қилган амалларингиз туфайли мерос қилиб олдингиз»,–деб нидо қилинур” (Аъроф сураси, 43-оят).

Ҳа, жаннат аҳлининг қалбидан нафрат, ҳасад, гина, адоват каби иллатлар суғуриб олинади. Уларнинг ҳар бири Аллоҳнинг берган мукофотларидан рози ва хурсанд бўлади.

Шундан кейин, сизни исмингиз айтиб чақиришади ва жаннатга кирасиз. Шу тарзда, ҳар бир инсон бирма-бир жаннатга киради.

Жаннатга кирар экансиз, унинг гўзаллигидан ўзингизни йўқотиб қўясиз. Жаннатга кирган ҳар бир банда жаннатдаги ўзининг жойига тезроқ боришга шошилади. Ҳар ким жаннатдаги жойи қаерда жойлашганини бу дунёдаги уйидан ҳам кўра яхши билади. Аллоҳ таолонинг Ўзи буни ҳар бир жаннат аҳлига билдириб қўяди. Ҳамма Аллоҳнинг унга тайёрлаб қўйган мукофотларини, яқинларини, ота-онаси, аҳли аёлини кўришга ошиқади.

Аллоҳ таоло жаннатда барчамизни Ўзининг севган бандалари билан бирга қилсин. Яқинларимиз билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлишимизни насиб этсин!

Даврон НУРМУҲАММАД 

Read 1632 times

Мақолалар

Top