Мақолалар

Фарзанд тарбиясида 700 сабоқ: Бувим билан ўртамиздаги келишув - 10 сабоқ

Ёшлик чоғларимиз. Бир куни бувим олдиларига чақириб “Кел болам, иккаламиз бир нарсага келишиб оламиз: мен сени дуо қиламан, сен эса мени. Мен сени илмий даражаларда юқори мартабаларга кўтарилишингни сўраб доим дуода бўламан. Сен эса вафот этганимдан кейин қабримни зиёрат қиласан. Аллоҳга гуноҳларимни мағфират қилишини сўраб дуо қиласан. Мен сенинг ҳаққингга кўп дуолар қиламан, сен ҳам вафотимдан кейин қабримни кўп зиёрат қиласан”, дедилар. Бу фикр менга маъқул келиб розилигимни билдирдим.

Шундан кейин бувим менинг ҳаққимга кўп дуолар қилдилар ва менга ҳам вақти-вақти билан ўртамиздаги келишувни эслатиб турдилар. Кунлар ўтди. Мен муваффаққият сари илдамлаб, бувим дуоларда тилга олганларидек илмий даражаларда юқсак чўққиларга чиқдим, турли ғалабаларга эришдим. Бу орада бувижоним ҳам бу дунёни тарк этдилар.

Бувим умрларининг охиригача ваъдаларида содиқ қолдилар. Тиллари мени дуо қилишдан бўшамасди. Мен эса ўз фаолиятим ва шахсий ҳаётим билан машғул бўлиб бувим билан тузган келишувимни унутиб қўйдим. Муваффақиятларимга дуоси сабаб бўлган кишини дуоларимга муҳтож пайтида ташлаб қўйдим...

Буни қарангки, бир куни кечаси бувижоним тушимга кирдилар. “Ўртамиздаги келишувни ёдингдан чиқардингми, болажоним?” дедилар.

Уйғонганимда устимдан муздек сув қуйиб юборгандек ҳолатда эдим. Дархол ўзимга келиб, таҳорат олиб намоз ўқидим. Намоздан кейин бувижоним ҳақларига кўп-кўп дуолар қилдим.

Шу кундан кейин ҳар дуо қилганимда бувимни ҳам эслайдиган бўлдим. Қабрларини ҳам тез-тез зиёрат қиладиган, баъзан у ерда соатлаб қолиб кетадиган бўлиб қолдим. Фарзандларим қабристонга кўп қатнаётганимни билиб бунинг сабабига қизиқдилар. Мен эса уларга бувим билан бўлган ўртамиздаги келишув воқеасини сўзлаб бердим.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1210 times

Мақолалар

Top