Мақолалар

Муваффақиятга қандай эришиш мумкин? (1 қисм)

Ўзингизга доим қуйидаги саволларни беринг:

Мен кимман?

Шу жойгача қандай қилиб келдим?

Энди қаерга кетмоқчиман?

Нима мақсад билан кетмоқчиман?

Йўлимда қандай тўсиқлар учрайди? Улардан қандай ошиб ўтаман?

Сизнинг ҳозирги ҳаётингиз олдинги фикрларингизнинг ҳосиласидир! Шундоқ экан, фикрлашингизни ўзгартирсангиз, ўз оламингизни, яшаш тарзингизни бутунлай ўзгартирган бўласиз! Аллоҳ таолонинг оятини эсланг: “Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас” (Раъд сураси, 11-оят).

Фикрлаш ҳар бир ҳаракатнинг асосидир. Демак, фикрлашингизни ўзгартирсангиз, иш-ҳаракатларингиз ҳам ўзгаради. Агар сизда бирор ёмон одатдан қутилиш учун ҳақиқий хоҳиш бор бўлса, ундан ярим шифо топган бўласиз!

Сиз одамлар ҳақида қандай гумон қилсангиз, улар ҳам сиз ҳақингизда шундай ҳукм қилишади, натижада ташқи ҳолатингиз ички дунёйингизнинг акси бўлиб қолади.

Бутун дунё мол-мулкини йиғиб келсангиз ҳам, асло саодатни сотиб оломайсиз. Чунки саодат расталари сизнинг фикрингиз, ҳис-туйғуларингизда жойлашган. Уни фақат ўша ердан сотиб олишингиз мумкин. Шуни англаб етганингиздагина муваффақиятли ва бахтли бўласиз...

Аввало Аллоҳга, кейин ўзингизга ишонинг. Негаки, одамларнинг сизга бўлган ишончи ўзингизга бўлган ишончингиздан келиб чиқади. Салбий шахслардан имкон қадар узоқ бўлинг, чунки улар ўзингизга бўлган ишончни кетказадиган асосий омилдир!

Шуни аниқ билингки, сизни соғлом ёки касал, бахтсиз ёки бахтли, бой ёки фақир қиладиган нарса бу – ақлдир! Шунинг учун ақлингиз устидан ҳукмрон бўлишни ўрганинг.

Қоқилмаган одам муваффақиятга эришолмайди. Аслида буни қоқилиш ёки омадсизликка учраш деб номлаш ҳам хато. Буни ҳаётий тажрибалар дейиш керак. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас!

Муваффақият чўққисига кўтарилиш имконсиз кўринса, унга нарвон қўйиб, зинама-зина чиқинг!

Муаммолар, хатолар ҳақида ўйлаб вақтингизни кетказманг, уларга ечим топиш ҳақида ўйланг! Ҳар қайси ишда, ҳар қандай вазиятда масъулиятни ҳис қилинг!

Одамнинг хаёлида ҳар куни минглаб фикрлар айланади, уларнинг аксарияти салбий фикрлардир. Сиз ўша салбий фикрларни йўқотишга интилинг, ийжобийларини эса қалбингиз суви билан суғоринг. Яъни хаёлингизга келган ижобий фикрларни қалбингизга ўрнаштиринг! Биз инсонлар фикрларимиз ўзгаришига қараб кунига неча маротабалаб ўзгарамиз.

Фикрларингизни назорат қилинг, зеро улар гапларга айланади!

Гапларингизни назорат қилинг, зеро улар ҳаракатга айланади!

Ҳаракатларингизни назорат қилинг, зеро улар одатга айланади!

Одатингизни назорат қилинг, зеро у шахсиятга айланади!

Шахсиятингизни назорат қилинг, зеро у ҳаёт йўлингизга айланади!

 Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1346 times

Мақолалар

Top