Мақолалар

Қаттиққўл отамнинг меҳри

Отам жуда қаттиққўл инсон эдилар. Эсимни таниганимдан бери у кишини доимо жаҳлдор, қўрс-қўпол ва тажанг қиёфадагина кўрганман. Бошқа болаларнинг оталари суйиб эркаласа, кўчаларда қўлларидан ушлаб, етаклаб юришса, менинг отамдан эшитганим фақат ва фақат танбеҳ, койиш ва дашном эди.

Болалик давридан ўсмирлик босқичига қадам қўяр эканман отамнинг менга нисбатан муносабатлари ёмонлашса ёмонлашардики, ҳеч юмшамасди. Назаримда отам менинг фақат ёмонликларимни кўриб, яхшиликларимдан кўз юмадигандек туюлардилар.

Тўғри, баъзи-баъзида отамнинг менга нисбатан илиқ муносабатларини ҳам ҳис қилганман. Лекин бундай вазиятлар шунчалик кам бўлганки, у ҳолатларни санашга ҳаттоки битта қўлнинг бармоқлари ҳам кифоя қилади. Ҳа, бундай ҳолат бор-йўғи икки марта бўлган...

Мактабдаги ўқишларимиз тугаб, ҳарбий хизматга отланиш давримиз ҳам келди. Олдинда ватан олдидаги йигитлик бурчимизни адо этиш масъулияти билан биргаликда оиламиздан узоқда кечадиган соғинчли кунларни ўтказиш машаққати ҳам турар эди. Харбий хизматга юбориш муассасасининг барча тиббий текширувларидан ўтдим ва ҳужжатимга “Ҳарбий хизматга яроқли” муҳри босилди. Оилам билан ўтказадиган охирги кечам кўзимга уйқу келмай алламаҳалгача онам ва сингилларим билан гаплашиб ўтирдик. Аммо отам ўша-ўша тажанг – бирор оғиз гапирмасдилар. У ёқдан бу ёққа юриб, нимадандир хавотир олаётгандек туюлардилар.

Тонг ҳам отди. Автобус ҳарбий хизматга отланган қишлоқ йигитларини олиб кетиш учун келди. Уйдан чиқар эканман ҳеч кутилмаган бир ҳодиса содир бўлди. Онам ва сингилларим билан хайрлашиб бўлганимдан сўнг, охирида отам, ҳа, ҳа отам мени бағриларига қаттиқ босиб “Ўғлим, сени Аллоҳга топширдим”, дедилар. Бошқа ҳеч гап гапирмадилар. Лекин одатда одам бир кишини бағрига босиб қўйиб юборадиган муддатдан узоқроқ ушлаб турдилар. Елкаларидан бошимни олиб кўзларига қараганимда яноқларига юмалаб тушаётган ёш томчиларини кўрдим. Менга кўрсатмаслик учун тезда артиб олдилар.

Во ажабо... Шу топда қалбимдан ажиб бир ҳислар ўтарди. Ўзим автобусга чиқиб кетаяпман-у, лекин хаёлим отамда, отамнинг қилган ишларида. Ахир бундай меҳрни у кишидан ҳеч қачон кўрмаганман. Кўрган бўлсам ҳам эслолмайман...

Автобус шаҳар томон елиб борарди. Йигитлар турли мавзуларда суҳбат қуриб кетишяпти. Баъзиларини эса уйқу элитган. Мен эса фақат отам ҳақларида ўйлардим. Ота меҳри шунчалик иссиқ, шунчалик тотли, ҳаётбаҳш бўлишини билмас эканман. Мендан хавотир олиши энг кўп кутилган киши бўлмиш онам ҳақларида ўйламасдан отам ҳақларида шунчалик узоқ хаёл сурибманки, ҳатто “Хизматдан қайтгунимча мендан хавотир олиб касал бўлиб қолсалар-а!?” дея дилимдан бироз ғашлик ҳам ўтди. Йигитларнинг ҳаммаси манзилгача ухлаб олишди. Менинг эса бир неча соатлик йўл юрган бўлишимизга қарамасдан кўзимга уйқу келмади.

Хизматни ўташимиз керак бўлган ҳарбий қисмга етиб борганимиздан сўнг, афсуски, мени қайтариб юборишди. Маълум бўлишича, менинг тиббий таҳлил натижаларим бошқа кишиники билан адаштириб юборилган экан. Мутасаддилар лабараторияда таҳлил жавобларини рўйхатга олишда чалкашлик бўлгани ва мендан олинган таҳлилларга кўра, танамда бироз беморлик борлиги, даволанганимдан сўнг яна хизматга чақиришларини тушунтиришди.

Бир тарафдан бошқа тенгдошларим каби хизматни адо эта олмаганим учун хафа бўлсам, бошқа тарафдан оилам олдига боришим қалбимни ёриштирарди.

Уйга кириб келишим билан уйда байрам бошланиб кетганига гувоҳ бўлдим. Ҳа, ҳамма ҳам яқинлари ўз олдида бўлишини хоҳлайди. Айниқса ота-онага фарзанди олисда бўлиши оғриқ берар экан. Буни отам менинг қайтганимдан хурсанд бўлиб яна бир бора бағриларига босиб кутиб олганларида англаб етдим. Бу отамнинг улғайганимдан бери иккинчи маротаба бағриларига босишлари эди. Шу топда мен шунчалар хурсанд эдимки, мени отам эмас, гўё бутун дунё бағрига олгандек эди...

(Оталар одатда қаттиққўл бўлишади. Айниқса ўғил фарзандларига нисбатан. Шундай қилмасам талтайиб кетади, кейин гапимга кирмай қўяди деб ўйлашади. Бу қисман тўғри. Лекин болани меҳрдан маҳрум қилиш, унга ҳаддан ташқари қаттиққўллик қилиш унинг мурғак қалбида отага нисбатан нотўғри тушунчалар шаклланишига олиб келади. Ҳар бир ота ўз боласига она меҳри қанчалик зарур бўлса, ота меҳри ҳам шунчалар лозим эканини тушуниб етиши ва боласини шунга яраша тарбия қилмоғи даркор. Тарж.)

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1142 times

Мақолалар

Top