Мақолалар

“Боланинг бошини қотирма!”  ёхуд диний-ахлоқий тарбиянинг вақти борми?

 

Кечга бориб маҳалламизда нохуш хабар тарқалди: “Фалончининг ўғли ўзини-ўзи осиб қўйибди...” Табиийки, висир-висирлар, тахмин, мулоҳаза, фаразлар авж олди. “Ишида бир гап бўлгани аниқ, мелисада ишларди, “чп”си чиққан”. “Хотини билан чиқишолмай қолган экан”. “Кўчадан 500 миллиондан ортиқ қарзи боракан”. “Жаноза ўқиладими?” “Таъзияга биз чиқмаймиз”. “Шўрлик йигит. Ҳалли ўттизга ҳам кирмаганди. Увол кетибди, фарзандлари чирқиллаб қолади, энди”.

Ишдан қайтган бу қўшни йигит не бахтсизликки, тўғри оғилхонага кетиб, ўз ҳаётига якун қўйган. Ота-она ишда, аёли онасининг уйида экан. Хабар топгунларича, пешин бўлган, йигитнинг ҳаётини сақлаб қолиш иложисиз эди. Кечга маййит тайёр бўлди. Дафн ҳам хуфтондан кейинга тўғри келди. Ким қатнашди, ким қатнашмади. Жаноза ҳам ихчам, ўзаро ўқилди.

Ўзим бу йигитни яқиндан танимасам ҳам ичим оғриди. Зор қақшаган ота-она, етим қолган икки гўдагу, бева қолган ёш аёл. Аммо, Аллоҳ берган омонат жон-чи? Унинг ҳисоби-ю, адо этилмай қолган Аллоҳнинг фарзлари, бандаларнинг тўланмай қолган қарзлари...

Ўйланиб қоласан, инсон нима учун ўз жонига, ёхуд ўзганинг жонига қасд қилади, бировнинг молига кўз олайтиради?! Ҳаддини билмайди. Сабаби тарбияга бориб тақалиши ҳеч кимга сир бўлмаса керак! Фарзандларимизга ёшлигидан бировдан кам бўлмасин дея, кўнглига қараймиз, истагини муҳайё қиламиз. Ноҳақ бўлган ўринларда ҳам уни ҳимоя қиламиз. Куртак отаётган қусрларини эркаликка, адабсизлигини ёшликка йўямиз. Тарбияни ортга сурамиз. Ким билан дўст, ким билан алоқада, қаерга кетяпти, уйга нима кўтариб келяпти, гоҳо кўриб-кўрмасликка оламиз.

Агар боламиздан биров шикоят қилгудек бўлса, ўша одамни азбаройи ёмон кўриб, гапирганига пушаймон қиламиз. Начора, биз шунақамиз, мақтаса, ёқади, танқид оғир ботади. Ўзимизча, “идеал тарбиячи”миз. Тарбиядаги хатолар, ўз ўрнида кўрилмаган чоралар – чорасиз йўлга бошлаб қўяди.

******

Мени яқиндан таниган тиш шифокорим муолажа пайтида насиҳат қилиб қолди: “Қизингни ёшлигидан бошини қотириб нима қиласан, ҳали ёш бўлса. Ундан кўра фалон нарсага бер, пукун жойга обор!” Оғзим банд бўлгани учунми, ё тушунтириш бефойдалиги учунми, кулиб қўя қолдим. Шифокор опа ўз фарзандларидан гўёки мамнун, қанча муваффақиятга эришганидан масрур эди.

******

Бошқа кун креслода кутиб ўтирар эканман, шифокор опа ҳамкасбига дардини тўкиб-сочди: “Эҳ, нимасини айтай, катта ўғлим иш билан банд. Кечаси кеч келади. Ўртоқлари билан алламаҳалгача кўчада. Кийимидан сигарет ҳиди келяпти, яхшики, отаси сезмади. Мен онаман, сезаман чекаётганини. Тезроқ уйлантириб қўйишим керак...” Ҳаа, Аллоҳни танитмай, диндан айрича қилинган тарбия, шунчаки, яхши шароит, “комфорт” муҳит яратишнинг ўзи – тарбия ҳисобланмайди.

Ўз-ўзимга хулоса қилдим: Демак, фарзандимга эрта Роббисини танитганим, Пайғамбарлар ҳаётидан қиссалар ўқиб берганим, ростгўйлик, саховат ва яхшиликнинг мукофоти яхшилик бўлиши ҳақидаги ғояни сингдира олганим - “Боланинг бошини эрта қотирганим”га  ич-ичимдан қувониб кетдим.

Аллоҳ фарзандларимизни салоҳиятли ва ахлоқли бўлишларида бизга кўмак берсин!

Тошкент ислом институти, “Ҳадис ва Ислом тарихи”

кафедраси ўқитувчиси Н.Саидакбарова

Read 1135 times

Мақолалар

Top