Мақолалар

Интилувчан кишилар

Кофур Ихшидий ва унинг дўсти қора қул эдилар. Уларни Мисрга бозорда сотгани олиб келишди. Кофурнинг дўсти “Ошпазга сотилсам эди, хоҳлаганимча қорнимда тўйғазиб юрардим”, деб орзу қилди. Кофур эса шу шаҳарга подшоҳ бўлишни орзу қилди. Ҳар иккиси ҳам орзусига етди. Кофурнинг дўсти ошпазга сотилди, ўзи эса Мисрнинг волийси Ихшидга ўн саккиз динор эвазига сотилди. Ихсид вафотидан кейин Кофур Ихшиднинг икки ўғли – Унужур ва Алий номидан ҳукумат ишларини бошқарди.

Али вафот этгач Кофур ҳукумат бошқарувида якка ўзи қолди ва амирлик ҳудудини кенгайтиришга киришди. Кофур мутлақ подшоҳ сифатида ҳукуматни йигирма икки йил давомида бошқарди. Бунинг бошланиш даври Ихшидийлар давлати тузулганининг ўттиз тўртинчи йилига тўғри келади. Кофур қулликдан ҳукумат тепасига кўтарилган ноёб тарихий шахс ҳисобланади. Бу ислом тарихида илгари кузатилмаган ҳодиса эди, гарчи кейинчалик бир-неча марта бўлган бўлса ҳам.

Бир куни Кофур ҳалиги дўстининг ёнидан ўтиб қолибди, қараса у жуда ёмон ҳолатда ошпазнинг олдида юрган экан. Шунда атрофидаги одамларга айтибдики: “Уни бу ҳолатга тушурган нарса ҳимматини паст қилганлигидир, шу сабаб уни мана шу аҳволда кўриб турибсиз. Мени эса ҳимматим юқорига парвоз эттирди, мана ҳозир кўриб турибсиз… Агар биз иккимизнинг ҳимматимиз бир хил бўлганида эди, ишимиз ҳам бир хил бўларди!”.

Биз Кофур ва дўстининг ҳоли ҳақида кўп тафаккур қилишга муҳтожмиз! Келажагини қурмоқчи бўлган ҳар қайси инсон ўзгартиришни аввало ўзидан, ичидан бошлаши лозим. Ўзини ўзгартиргандан кейингина ён-атрофидаги ишларни ўзгартиришга ўта олади. Бу имконсиз иш эмас, балки имконсиз иш – сиз ўзингиз имконсиз деб ҳисоблаган нарсадир!

Абдураҳмон Дохил умавийлар давлати қулаб, ҳукумат аббосийларга ўтгандан кейин Шомдан қочиб кетди. У вазиятга кўниб яшашни хоҳламади, ўзгартиришни танлади ва алал-оқибат насронийлар шаҳарлари ичида давлат қурди. У қурган давлат ислом маданияти сифатида шаклланиб, саккиз асрдан ошиқ давом этди.

Мана Мандилони олайлик, у Африка жанубларидаги қамоқхонада йигирма саккиз йил яшади. У қамоқдалик ҳолида одамларга бошчилик қиларди, ҳаёт тарзини янгилаш, яхшилашда жонбозлик қиларди. Унинг ҳаракатларидан хабар топган Жанубий Африка ҳокими Декларк уни қамоқдан озод этди ва Мандило ҳокимга айланди. Нафақат ҳоким, йигирманчи аср афсонасига айланди. Олдинги ҳоким эса унут бўлиб кетди.

Ёки Ҳелен Келлерни мисол қилайлик, у 1880-йил туғма кар, соқов, кўр ҳолда дунёга келди. Шунга қарамай у ёзувчи, ўқитувчи, сиёсий тафаккур соҳибаси бўлиб етишди ва инсоний муваффақият борасида башариятга намуна бўлди. Фақат ногиронларга эмас, соғломларга, ҳатто улардан баландларга ҳам! Бу аёл ўзидаги учта тўсиққа (кўзи ожизлик, эшитмаслик, забонсизликга) қарши курашиб, саъй-ҳаракат, яхшиликка тўла ҳаёт кечирди.

Шулардан хулоса қилиб айтамизки, ҳаёт тараққиёти воқеъликка рози бўлиб ҳаёт кечириб юравермайдиган, паст ҳолатга кўнмайдиган оқил, заковатли кишиларга муҳтож экан. Бундай одамлар изчил ҳаракатда бўладилар, ҳаракатларидан малолланиб ёки чарчаб қолмайдилар. Зеро ўзгартириш, тараққий эттириш, фаол ҳаракатда бўлиш тирикларнинг ишидир! Жим-житлик, сукунат қабрдаги ўликларга хос!

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Олийҳиммат кишилар фақат энг олий ва оқибати мақтовли нарсаларнигина ўзларига раво кўришади. Ҳиммати паст одамлар эса паст нарсалар атрофида ўралашиб юришади ва уларга худди пашша ахлатлар устига қўнганидек қўнишади!”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1163 times

Мақолалар

Top