Мақолалар

Шодлик конверти

Барча болалар сайилгоҳларга, ўйингоҳларга, турли хил арғимчоқлари бўлган боғларга боришни исташади. Оилавий шароити ўртача бўлган, айниқса, ойлик маош ҳисобигагина кун кечирадиган биз каби оилалар бундай сайрларга ҳар доим ҳам имкон топа олмаймиз. Шунинг учун мен болаларимнинг хурсандчиликларини ўйлаб хонамдаги тортмамга бир конверт солиб қўйганман. Қўлимга пул тушганда бир-икки жунайҳдан (Миср пул бирлиги) бўлса ҳам ўша конвертга солиб қўяман. Бир икки ойга бормасдан болаларни бир марта айлантириб келишга етадиган пул йиғилади. Кейин дадасини қийнамасдан ўша пулга болаларни ўйнатиб келамиз. Арғимчоқларда учирамиз, музқаймоқлар, ширинликлар, ичимликлар олиб берамиз. Дадаси ҳам хурсанд, болалар ҳам, мен ҳам. Бу конвертимни “Шодлик конверти” деб номлаганман. Чунки бу конвертдаги пуллар сабаб болаларимиз шодланишади, фарзандларимиз қувончини кўриб бизнинг ҳам қалбимиз фараҳ туяди.

Кўплаб ота-оналар “Бизда бундай нарсаларга шароит йўқ”, “Бундай жойларга бойлар боради” деб баҳона қилишади. Агар оилада аёл тадбирли бўлса, фақат болаларини сайр қилдиришга эмас, бошқа харажатлар, масалан кир ювиш воситалари ёки ошхона анжомларига ўхшаш кўпроқ маблағ талаб қиладиган нарсаларни эрига билдирмасдан, яъни унинг чўнтагига “зарар” етказмасдан олиши мумкин. Бунинг учун худди бизнинг “Шодлик конверти”мизга ўхшаган бир неча конверт ташкил қилиш ва унга мунтазам равишда оз-оздан бўлса-да пул йиғиб бориш кифоя.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1067 times

Мақолалар

Top