Мақолалар

Қийинчиликсиз муваффақиятга эришиб бўлмайди

Ҳикоя қилинишича, бир подшоҳ шаҳридаги ҳакимларни йиғиб, уларга дебди: “Мен биздан кейинги ёшларга муваффақиятга эришишларида ёрдам берадиган йўриқнома тузиб беришингизни хоҳлайман”.

Ҳакимлар бир неча ойлар давомида йиғилиб, минглаб саҳифаларни қамраб олган катта китоб ёзиб чиқаришибди. Унда муваффақиятга эришишда кўмак берувчи барча қоидалар, тажрибалар ва ҳикматларни жам этишибди ва подшоҳ ҳузурига олиб боришибди.

Подшоҳ: “Йўриқноманинг ҳажми катталашиб кетибди, бу ёшларга сира ҳам кор қилмайди”, дебди ва улардан мухтасар қилиб беришни талаб қилибди.

Уни минг бетгача қисқартиришибди, лекин подшоҳ рад этибди.

Юз бетгача қисқартиришибди, бироқ яна рад этибди.

Бир-неча ўн бетгача қисқартиришибди, подшоҳ барибир унамабди.

Охири – бу иш уларни бутунлай ҳолдан тойдиргандан сўнг – бу мавзуда битта дона гап ёзишга қарор қилишибди ва “Билингизки, қийинчиликсиз муваффақиятга эришиб бўлмайди”, деб ёзишибди.

Кейинчалик бу қоида муваффақиятнинг олтин қоидаси деб аталадиган бўлибди ва олийҳимматлик йўриқномаси сифатида кўрсатиладиган бўлибди.

Айрим ёшлар вазифаларини бажариш учун энг осон йўлни ахтаришади. Бир неча йиллардан кейин эса кўп иш қилган бўлсада натижалари ноқис бўлди.  Нега шундай биласизларми?

Чунки у қийинчиликсиз муваффақиятга эришмоқчи бўлди. Бу ҳақда бир нақл бор: Муваффақиятга элтувчи энг қисқа ва энг осон йўл – энг фойдаси кам йўлдир!

Кимки саъй-ҳаракат қилиб, ўзини чарчатса, тунлари бедор бўлса, ҳосилларнинг энг сараларини териб олишга, энг баланд мартабаларга эришишга ҳақли бўлади.

Ҳар қайси буюк сиймо, ҳар қайси ихтирочи, ҳар қайси олим ва шоирлар умрларини мақсадлари йўлидаги саъй-ҳаракатда ўтказишган, қилган ишларининг одамларга фойдаси кўп ва давомли бўлиши учун узоқ вақт тер тўкканлар.

Буларни-ку қўйинг, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига боқинг! У зот қавмларини Исломга чақириш учун қанча ҳаракат қилдилар!

Қанча истеҳзоларга, ҳақоратларга дуч келдилар!

Қанчалик сабрли бўлдилар, матонатла турдилар! У зот ҳаётлари давомида бизга ўхшаб тўйиб, хотиржам ухламаганлар.  

У зот аниқ ишонардилар Аллоҳ бутун оламни ҳидоят этиш учун танлаб олганини, шунинг учун мутлақо малолланмай, оғринмай ишларида бардавом бўлдилар. Натижада Ислом ёйилди ва араб ярим оролида ҳукмрон бўлди!

Ёки Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳни олайлик, у кишига яқинлари айтишаркан: “Ишларингиздан бўшаб, биз билан бир ўтирмайсизми?”.

У киши: “Бўш вақт қаердан бўлсин?! Бўшаш деган нарса йўқ! Энди бўшаш ва дам олиш фақат Тубо дарахти сояси остида (яъни жаннатда) бўлади”, дер эканлар.

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳни қаранг, бир киши у зот ҳақида: “Аҳмад бир миллионта ҳадисни ёд биларди”, деган экан. Энди ўйланг, миллионта ҳадисни ухлаб, дам олиб ёдлаб бўлармиди?!

Абу Ҳотим Розий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Илм талабида минг фарсах масофани пиёда босиб ўтдим”. Бир фарсах уч милга тенг.

Тарихга қараснгиз ҳам, ҳозирги замонга қарасангиз ҳам, муваффақиятли кишилар ҳаётларида энг эргашувчиси кўп кишилар эканига гувоҳ бўласиз. Айнан улар тарихга исмларини муҳрлаб қўядиганлар ва дунё-ю охират шарафига Аллоҳнинг изни ила эришадиганлардир!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

Read 1280 times

Мақолалар

Top