Мақолалар

Ўзликни таниш ва ҳаётда муваффақият қозониш сири

Аввало миваффақият ҳақида ўйланг, унга эришиш мумкинлигига тўлиқ ишонинг. Ҳа, сиз муваффақиятга Аллоҳнинг изни ила қодирсиз!

Имкониятларингизни оз санаманг, бошқаларн эса донолик билан мақташдан муболаға қилиб юборманг. Ўзингизга уқтирингки, сиз аслида ўйлаганингиздан ақллироқсиз. Ўзингизга паст баҳо берманг, сиз тасаввурингиздагидан яхшироқсиз!

Ҳаётда олдингизга мақсад қўйиб олинг. Масалан одамларнинг кўнглига қувонч улашиш. Бу – ҳаётингизда рўёбга чиқаришингиз мумкин бўлган энг чиройли ишлардан бири!

Ақлингизни муваффақиятли кишиларнинг ҳаёт тарзини ўрнаштириб олинг. Гапирганингизда мақсадли, самарали, чиройли сўзлардан фойдаланинг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам салбий сўзларни ишлатишдан йироқ бўлинг!

Ҳар қандай иш содир бўлиши мумкинлигини тасдиқ этинг, луғатингиздан “иложсиз”, “имконсиз”, “бефойда” сўзларини чиқариб ташланг!

Ўз ишингизни қадрланг. Иш қилишда энг яхши ва энг тўғри йўлдан боришга ҳаракат қилинг!

Узоқни кўра билишга ўрганинг, олдингизда турган нарсаларга қараш билан кифояланиб қолманг! Аҳамияциз, кераксиз нарсаларга асло бошқотириб ўтирманг! Муҳим ва катта ишларни бажаришга эътиборингизни қаратинг!

Қолоқликни, битта нарсага ёпишиб олишни қўйинг, бу ақлингизнинг фикрлаш қобилиятини сўндиради. Янги-янги ишларни қилиб кўришдан тўхтаманг, бу сиз учун тажриба бўлади!

Ҳар куни ўзингизга савол беринг: Ишимни қандай қилиб энг яхши кўринишда бажарсам бўларкин? Яна қандай қўшимча қилсам бўларкин?

Олиб бораётган ишингиз аҳамиятини ҳис этинг, бу ўзингизнинг аҳамиятингизни билишга ва ишни мукаммал тарзда бажаришга ёрдам беради.

Дунёқарашингизни кенгайтиринг, ақлингизни янги фикрларни қабул қилишга доим тайёр ҳолда тутинг!

Бошқалар билан муомалада уларнинг муҳаббатини қўлга киритишга ва уларни қўллаб-қувватлашга иштиёқманд бўлинг, шунда улар сизни муваффақият томон етаклашади.

Баъзи одамларнинг: “Сен буни қила олмайсан, қўлингдан келмайди” каби тушкунликка тушурувчи гапларга қарши иммунитетни доим сақлаб туринг!

Мен саодат ҳақида китоб ёзмоқчи бўлганимда бир фозил кишининг олдига маслаҳат сўрагани боргандим. Шу мавзуда китоб ёзиш ниятим борлигини айтган эдим у киши менга айтдики: саодат ҳақида кўп китоблар ёзилган, уларга нимадир қўшимча қилишинг қийин масала!

Мен индамадим, жавоб қайтармадим. Китобим чиққанида у киши кўриб жуда ажабланди ва тасанно айтди.

Доимо ишингизни шавқу-завқ билан бажаринг ва қилаётган ишингизга руҳият бахш этинг! Ҳар қандай хабарларга қулоқ тутқверманг, фақат сара хабарларни эшитинг. Муваффақиятли кишилар билан суҳбатлашинг, улардан тавсиялар олинг! Сизни муваффақиятга етаклайдиган дўстларни қидиринг.

Шу билан биргаликда бошқа одамларга ҳам ўз қадр-қимматларини билдиришга ҳаракат қилинг ва одамларни ўз исмлари билан чақиринг, чунки инсон учун энг ёқимли нидо – уни исми билан чақиришдир!

Бошқалар билан фикр алмашишга, чиройли баҳслашишга ўрганингки, одамлар сиз билан суҳбатлашишга ошиқишсин! Бажарадиган ишингиз гапингиздан кўп бўлсин.

Вазиятлар яхшиланишини кутманг, унақада умрингиз охиригача кутишингизга тўғри келади. Бугинги ишни эртага қолдирманг.

Мағлубиятга учрагудек бўлсангиз уни ғалабага айлантиринг!

 

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1026 times

Мақолалар

Top