Мақолалар

Абдуллоҳ ибн Муборак: Вояга етишлари – 4 қисм

Абдуллоҳ ибн Муборак ёшликларида бошланғич мактабга борганлар. Юксак қобилият ва заковат эгаси эканликлари ёшликларидан билинган. Хатиб Бағдоди[1] Абдуллоҳ ибн Муборакнинг дўстлари айтган бир қиссани келтирадилар: “Мактабга қатнайдиган ёш болалар эдик. Ибн Муборак ва мен хутба қилаётган бир кишининг олдидан ўтдик. У узоқ хутба қилди. Хутба тугагач, Ибн Муборак уни ёдлаб олдим, деди. Унинг гапини бир киши эшитиб турган экан. Қани айтиб берчи, деди. Ибн Муборак қайтариб айтиб берди. Ҳақиқатда, у ёдлаб олган экан”.

Ибн Муборак мактабдаги давридан бироз ўтиб, таълим олишдан узилиб қолади. Дўстлари билан танбур ва беъмани ўйинлар ўйнаб, вақтини беҳуда сарфлай бошлайди. Бу ҳақида “Фавоидул баҳийя”[2]да келтирилган.

Бир куни Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Муборакдан тўғри йўлга киришларининг қандай бошлангани ҳақида сўрадилар. Ибн Муборак айтдилар: “Дўстларим билан боғда ўтирган эдик. То тунггача еб-ичдик. Уд ва танбур чертишни жуда хушлар эдим. Саҳарда ухлаб қолдим. Тушимда бош тарафимда, дарахт устида турган қушни кўрдим. Кейин ушбу оятни эшитдим: Имон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ (Қуръон)га мойил бўлиш (вақти) келмадими?! (Яна улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнгра (пайғамбарларидан кейинги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?! Уларнинг кўпи фосиқ (итоатсиз)дирлар!

Албатта! дедим ва сергак тортдим. Удни синдирдим. Ўзимдаги бор нарсадан воз кечдим. Менинг биринчи зуҳд қилишим мана шундан бошланган эди”. Бошқа манбаларда ҳам шунга ўхшаш қисса келтирилади.

Кўриниб турибдики, Ибн Муборак илм талабига кеч – ҳижрий 141 йил 23 ёшларида чиққанлар. Боиси, уламолар илм талабига бу қадар кеч чиқмас эдилар. Имом Заҳабий[3] у кишини 20 ёшларида чиққанларини келтириб ўтганлар.

Илмга юзланганларидан сўнг ҳадисда ҳам, фиқҳда ҳам тенгсиз бўлдилар. Ота касби тижорат билан шуғуллиб, устозлари Абу Ҳанифадан илм ўрганар эдилар. Кейинчалик савдода катта фойда кўрдилар.

Н.Саидакбарова,

Тошкент Ислом институти

“Ҳадис ва Ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси.

[1] “Тарихи Бағдод”, 10:165.

[2] Имом Лакнавий.

[3] “Сияри аъломун нубало”.

Read 860 times

Мақолалар

Top