Мақолалар

Яхшилик калитлари ва ёмонлик қулфлари

Одамлар икки турли бўлади:

Биринчиси: яхшиликка калит ҳамда ёмонликка қулф бўлган кишилар. Бундай кишиларни шижоатлантираётганини, сизни яхшиликка ундаётганини, қўлингиздан тутаётганини, сизга умид бахш этаётганини, бошқаларнинг дардини ҳис қилиб яшаётганини кўрасиз.

Иккинчиси эса: яхшиликка ёпиқ, ёмонлликка очиқ одамлар. Бундай одамлар бор шаштингизни ҳам тушуриб юборади, йўлингиздан тўхтатишдан бошқа ғами бўлмайди. Доим нимадирдан шикоят қилиб, норози бўлиб юради. Умидсизлик ва безовталикка кўниккан одамлар бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Одамлар ичида яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўлганлари бор ва ёмонликка калит, яхшиликка қулф бўлганлари ҳам бор. Аллоҳ яхшилик калитларини қўлига берган кишига Жаннат хуш бўлсин! Аллоҳ ёмонлик калитларини қўлига берган кишига вайл (дўзахдаги бир водий) бўлсин”.

Ё Робб, барчамизни яхшликка калит, ёмонликка қулф қилиб қўйгин!

Одамлар ичида бошқаларга офият бўладиган, гапирса одамлар ундан манфаат оладиган, маслаҳат берса холис ва рост маслаҳат берадиган, Аллоҳ азза ва жаллани рози қиладиган ишларда пешқадам бўладиган кишилар бор. Ана шундай кишилар яхшилик калити, ҳидоят элчиси, ёмонлик қулфи, Раҳмоннинг ғазабидан омонда эрур!

Яна айрим одамлар борки, улар худди ёмон иллатга, дардга ўхшайди. Бирор жойга борса фалокат бошланади. Одамлар билан суҳбатлашса, уларга зарар берадиган, фойдасиз нарсаларни ўртоқлашади, уларни яхшиликдан маҳрум этади. Ҳар хил таъйини йўқ гап-сўзларни гапириб бошларини қотиради. Бирор ким билан муомала қилса ёмонлик қилади. Ерда ҳар хил бузғунчиликлар қилади, ўзини шайтонга аскар тутади ва разил ишларга қўл уради. Натижада ёмонликка калит, яхшиликка қулфга айланади, қўяди.

Энди савол: Қандай қилиб яхшилик калитларидан бўлишингиз мумкин?

Аввало, ҳар бир сўзингизда холис Аллоҳ учун гапиринг, ҳар ишингизда холис Аллоҳни қасд қилинг. Аллоҳнинг савобидан умид қилмай гапирган гапингиз, қилган ишингиз бўлмасин!

Дуони ва Аллоҳга ёлвориб илтижо қилишни кўпайтиринг. Дуоларингизда яхшилик калитларидан бўлишни сўранг. Зеро дуонинг ўзи яхшилик калитидир. Аллоҳ таолонинг исмларидан бири ҳам “Фаттоҳ” (“Очувчи”) эрур. Шундай экан Аллоҳга мана шу исми ва бошқа исмлари билан илтижо қилиб, сизни яхшилик калитларидан ва ёмонлик қулфларидан қилишини сўранг!

Гўзал хулқлар ила зийнатланинг, ёмон, пасткаш феъллардан узоқ бўлинг. Хулқи разилликлардан, ёмон иллатлардан тутиб турадиган гўзал хулқли кишилар билан дўстлашинг!

Яхшиларга ҳамроҳ бўлинг, ёмон дўстлардан узоқлашинг.

Қалбингизда мўминларга фақат хайрихоҳликни сақланг. Аллоҳнинг бандаларига хайрихоҳ бўладиган одам – биродарларига яхшиликни раво кўрадиган одамдир. Инсон хайрихоҳ ва ишончли бўлмагунча яхшилик калити бўла олмайди.

Бир кун келиб Аллоҳнинг қаршисида туришингизни ёдда тутинг. У кунда Аллоҳ сизни амалларингизга кўра ҳисоб-китоб қилади. Бу ҳаётда қилган ишларингизга биноан жазолайди ёки мукофотлайди. Шундай экан ҳар биримиз бугунги кунда қилаётган амалларимизга эътиборимизни қаратишимиз лозим: ишларимиз исломга ва ислом аҳлига хизмат қиляптими ёки ботилга ва ботил аҳлигами? Агар тўғри йўналишда кетаётган бўлса-ку, хўп-хўп, уни давом эттираверамиз. Аммо бунинг акси бўлса, уни тўғри йўлга йўналтириш даркор!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1035 times

Мақолалар

Top