Мақолалар

Аллоҳга қайси исми ила дуо қилсак, ижобат этади?

Шайх Атийя Сақр раҳимаҳуллоҳ бу саволга қуйидаги жавоб берадилар: “Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг” (Аъроф сураси, 180-оят).

Бошқа оятда бундай дейилади: “Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир” (Исро сураси, 110-оят).

Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Банда Аллоҳга дуо қилганида, қанча кўп гўзал исмлари ила дуо қилса шунча яхши.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта – бир кам юзта исми бор. Ким уларни ихсо қилса (ёд олса), жаннатга киради. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўради”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз ушбу хадисда келган “ихсо” калимасини факатгина ёдлаш эмас, балки “унинг маъноларини билиб, тафаккур килиш ва унга мувофиқ гўзал хулқ билан хулқланиш лозим”, деганлар.

Аллоҳ таолонинг шундай исмлари борки, ким улар билан дуо қилса дуоси ижобат қилинади, сўраса сўрови берилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг:

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ بِأَنِّي أَشْهَدُ أَنَّكَ أَنْتَ اللَّه لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ الأَحَدُ الصَّمَدُ الَّذِي لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُوًا أَحَدٌ[1]

“Аллоҳим, Сендан ўзга ибодатга лойиқ Зот йўқлиги, Ўзинг яккаю ёлғизлигинг, беҳожатлигинг, туғмаган ва туғилмаган ва Сенга ҳеч бир нарса тенг келолмайдиган Зот – Аллоҳ эканингга иймон келтириб сўрайман” деяётганини эшитиб: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у билан дуо қилса, дуоси ижобат бўладиган ва у билан сўраса, бериладиган Аллоҳнинг улуғ исмлари билан сўради”, дедилар.

Даврон НУРМУҲАММАД

 [1] Аллоҳумма инний асалука бианний ашҳаду аннака анталлоҳу лаа илаҳа иллаа анта ал-аҳаду ас-сомаду аллазий лам ялид ва лам юлад ва лам якунлаҳу куфуван аҳад.

Read 1625 times

Мақолалар

Top