Мақолалар

Ҳаётда қандай қилиб муваффақиятга эришсам бўларкин?

Тўшагингизда чалқанча ётиб, ўзингиздан сўранг: ҳаётда қандай қилиб муваффақиятга эришсам бўларкин?

Шу он жавобни хонангиз ичидан топасиз!

Хонанинг шифти сизга айтадики: Марра баланд, унга томон юрар экансан белингни маҳкам боғла!

Кўча тарафга ўрнатилган дераза дер: Атрофингдаги оламга боқ, кўпчилик одамлар аввал ютқазиб кейин ютадилар.

Деворга илинган соат айтади: Ҳар сония олтинга тенг, уни яхши ишлар билан, Аллоҳнинг тоатида ўтказ!

Кўзгу айтади: Одамлар сенга қандай муносабатда бўлишларини, сенга қай ҳолатда кўринишларини хоҳласанг, сен ҳам уларга шундай кўрин!

Шкафга осилган календар айтади: бугунги ишни эртага қўйма, чунки эртанинг ўз ишлари бор.

Эшик дер: мақсадингга эришиш учун куч-қувват билан, оқиллик билан ҳаракат қил.

Ерни ҳам унутиб қўйманг, у сизни қайта-қайта сажда қилишга, Парвардигорингизга яқинлаштиришга даъват этади!

Одам ўзига ишониши – ғалаба йўлидир. Муваффақият эса ўзига ишончни мустаҳкамлайди. Яъни ўзига ишониб иш кўрган одам, ишида ютиб чиқса, ўзига бўлган ишончи янада ортади. Бирор янгилик қилиб кўришдан қўрқиш – тўғри ютқазишга олиб борадиган йўлдир!

Кўпинча қўрққанингиз бошингизга келади. Бирор ишга киришиб, уни уддабуронлик билан амалга оширишни истасангиз, шаштингизни тушурмоқчи бўлганларнинг гапидан қулоқ юминг, эшитманг уларнинг гапини!

Битта тоғ бургути бор экан, уясини тоғдаги бирор дарахтнинг учига қураркан. Бургутнинг уяси одатда тўртта тухумга мосланган ҳажмда бўлади. Бир куни ўша тухумлрдан бири бургут уясидан тушиб, пастга юмалаб-юмалаб, товуқнинг инига жойлашиб қолибди. Маълумки, товуқлар тухумдан жўжа очиб чиққунча тухумларга яхшилаб қарайди, иссиқина босиб ўтиради. Вақти келиб тухумлар очиб чиққанда улардан биридан кичкина бургут полапони очиб чиқибди. Лекин бу бургут товуқча тарбия кўрибди!

Бир куни у товуқнинг инида ўйнаб юрса, осамондан учиб ўтаётган бургутлар галаси пастда бир бургут полапони уларга ўхшаб учишга уринаётганини кўриб қолишибди. Лекин атрофидаги товуқлар: “Сен оддий товуқсан холос, бургутлардек юқорига парвоз этолмайсан!” деб унинг устидан кулишибди.

Шундан кейин полапон умидсизликка тушиб, ҳаракатларини бутунлай тўхтатиб қўйибди ва узоқ вақт товуқларча ҳаёт кечиргач жони узилибди.

Демак, бундан хулоса чиқадики, айни вақтдаги салбий ҳолатингизга таяниб қолсангиз, ўзингиз ишонган нарсанинг асирига айланасиз.

Агар бургут бўлсангиз ва ғалаба осмонида баландлаб парвоз этай десангиз, орзуларингиз рўёси томон интилинг ҳамда мақсадингизни қўллаб-қувватлайдиганлар билан дўст бўлинг!

Товуқларнинг гапига қулоқ солманг!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 879 times

Мақолалар

Top