Мақолалар

Одамларга ўз феълингиз билан муомала қилинг...

Бир нуроний отахон дарё четида ўтирган эканлар, шу вақт дарёга тушиб кетган бир мушукчага кўзлари тушиб қолибди. Мушук ўзини сувдан қутқариш илинжида питирлаб ҳаракат қилаётган экан. Лекин ҳаракатлари ҳеч самара бермабди. Буни кўрган отахон уни қутқариш мақсадида қўлларини чўзибдилар, мушук эса у кишини тирнаб олибди. Қаттиқ оғриқдан қўлларини тортиб олибдилар ва бақириб юборибдилар. Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас қўлларини яна бир бор чўзибдилар. Мушук яна тирнаб олибди. Қўлларини додлаб тортиб олибдилар.

Бир дақиқадан сўнг учинчи маротаба қутқаришга ҳаракат қилмоқчи бўлиб туганларида яқин атрофда ўтириб, воқеани кузатиб турган бир киши отахонга қараб баланд овозда: “Ҳой донишманд отахон! Биринчи уринишдан ҳам, иккинчи уринишдан ҳам ибрат олмадингиз. Энди яна қутқаришга ҳаракат қилмоқчимисиз?!”.

Отахон бу кишининг гапига парво ҳам қилмабдилар, қутқаришга яна ҳаракатни давом эттириб, охири мушукни сувдан қутқаришга сазовор бўлибдилар.

Кейин бояги кишининг олдига бориб, елкасига уриб бундай дебдилар: “Эй болам, тирнаш бу мушукнинг феъли, ҳарактеридир. Менинг ҳарактерим эса яхши кўриш ва меҳр кўрсатиш. Энди айтчи, нега ўзимнинг ҳарактеримдан унинг ҳарактерини муқаддам қўйиб, унинг ҳаракатига мувофиқ амал қилишим керак?!”.

Болагинам! Одамларга ўз феълинг билан муомалада бўл, уларнинг феъли билан эмас! Сенга озор берадиган ишлари кўп бўлса ҳам!

Яхши сифатларингни тарк этишни талаб қилаётган бундай овозларга парво қилма. Зеро, нариги тарафдагилар сени ва зўр ишларингни бошқаришга ҳақли эмаслар! Уларни фақат ўзинг тасарруф этмоғинг керак.

Одамлар сен билан қандай муомалада бўлишларини хоҳласанг, сен ҳам улар билан шундай муомалада бўл! Бу қоида ҳамма замон ва маконга мос келади!

Одамларга ўз хулқ-атворинг билан муомалада бўл, уларнинг хулқ атвори билан эмас! Улар ўз хулқлари билан жаннатга муносиб бўлмасалар, сен ўз хулқинг ила жаннатга муносиб бўл! Улар аҳмоқ бўлса, сен ҳам уларга қўшилиб аҳмоқ бўлма!

Ҳар бир одам билан ўзига муносиб тарзда муомалада бўл, ёшми, қарими, оқилми, аҳмоқми, илмлими, жоҳилми, албатта эътиборга ол!

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Мен баъзи одамларни тиконсиз барг деб ўйлаган эдим, кейинчалик баргсиз тикон бўлиб чиқдилар: уларни танқид қилсанг, сени ҳам танқид қиладилар, лекин тек қўйсанг, сени тек қўймайдилар”. Шунда одамлар: “Шунақа вазиятда нима қилсак бўлади?” деб сўрашди. У киши: “Эҳтиёжманд бўладиган кунингиз асқотиши учун обрўйингизни уларга қарзга бериб турасиз”. Яъни, сизни ғийбат қилаверадилар, эвазига қиёматда сиз уларнинг савобларига эга чиқасиз. Эҳтиёжманд бўладиган кунингиз деганда қиёмат кунини назарда тутганлар.

Аллоҳ ушбу шеърнинг шоирини раҳматига олсин:

Ҳиқду-ҳасаддан юқори хурмодек бўлгин,

Тош отиб туширилажак мевага тўлгин!

(Араб хурмосининг меваси дарахтнинг энг юқори қисмида бўлади. Одамлар уни кўпинча тош отиш орқали олишади. Лекин тош отишса ҳам у бунга ёмонлик билан жавоб қайтармайди, аксинча мева билан сийлайди – тарж.)

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.



Read 1058 times

Мақолалар

Top