Мақолалар

Қалбни тузатиш учун ўқиладиган дуо

Инсон қалби доимо бир хил ҳолатда турмайди. У мунтазам равишда ўзгариб туради. Қалбнинг тинмасдан ҳаракат қилиши гўё биқиллаб қайнаётган сувга ўхшайди.

Қалб ўзгариб турар экан, уни тинчлантириш учун кўп зикр қилиш керак. Банда Аллоҳ таолони қанча кўп зикр қилса, унинг қалби шунча ором топади, сокин бўлади. Агар қалб зикр билан озиқлантирилмаса, у касалланади, кейин уни даволаш, бошқариш мушкул бўлади.

Уламолар айтадилар: “Қалбни ислоҳ қилиш ҳатто саҳобалар ҳам учраган энг машаққатли ишдир. Қалбни тарбиялаш узоқ йилларни талаб қилади”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Биз Қуръони каримдан ўн оятни ўқирдик. Сўнгра уни ёдлаб олардик, оятнинг маъносини тафаккур этиб, унга амал қилардик, кейин бошқа оятни ўқирдик”, деганлар.

Ҳа, қалб поклигига эришишда амал муҳим ўрин тутади. Масалан, хорижийлар ҳам Қуръон ўқийди, лекин уларнинг Қуръони ҳалқумидан нарига ўтмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида огоҳлантириб: “Улар Қуръонни ўқиганда ўзларининг фойдасига деб ўйлайдилар, аслида эса у уларнинг зараригадир”, деганлар.

Сув оловда узоқ вақт қолиб кетса, сув парланиб йўқ бўлиб кетади. Натижада, бир томчи ҳам сув қолмайди. Шунинг учун, банда ниҳоятда эҳтиёткорлик билан, аста-секин, босқичма-босқич қалбини поклаш ва ислоҳ этишга ҳаракат қилиши лозим.

Ҳаддан ошиб, гўё ловуллаб ёниб, сўнгра бир зумда кулга айланадиган оловга ўхшмаслик керак. Ҳеч ким қалб поклигига осонлик билан эришмаган. Бу – бир лаҳзада содир бўладиган иш ҳам эмас.

Банда ҳамиша қалбини ислоҳ қилиш ҳаракатида бўлиши лозим. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган 2 дуони мунтазам ўқиб юриш талаб этилади. Бу икки дуо бир-бирига жуда яқин, аммо орасида айрим фарқлари бор. Уларнинг биринчиси қуйидагича:

يَا مُقَلِّبَ الْقُلُوبِ ثَبِّتْ قَلْبِي عَلَى دِينِكَ

Йа муқоллибал қулуб, саббит қолбий ъала дийника.

Эй қалбларни айлантирувчи Зот, қалбимни динингда собит қилгин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони бошқа дуолардан кўра кўпроқ ўқирдилар. Биз-чи, бу дуони бир кунда неча марта ўқияпмиз? Бу дуони кўп ўқишга одатланайлик. Зеро, бизнинг қалбимиз билан Набий алайҳиссаломнинг қалблари орасида қанча катта фарқ бор?!

Иккинчи дуо:

اللَّهُمَّ مُصَرِّفَ القُلُوبِ صَرِّفْ قُلُوبَنَا علَى طَاعَتِكَ

Аллоҳумма мусоррифал қулууб сорриф қулуубана ъалаа тоъатик.

Қалбларни (Ўзи истаган тарафга) бурувчи Аллоҳим, қалбимизни тоатингга буриб қўйгин.

Биринчи дуода, Аллоҳ таолодан қалбимизни динда, солиҳ амалларда собитқадам этиши ва Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлувчи гуноҳлардан узоқ қилиши сўраляпти.

Иккинчи дуода эса, Аллоҳдан қалбимизни хайрли ишларга бошлаши ва буриб қўйиши сўраляпти.

 Аллоҳ таоло қалбимизни ҳидоятида бардавом қилсин!

Ўзининг розилигини топадиган солиҳ амалларга бошласин!

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1881 times

Мақолалар

Top