Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳаббат билан яшамагунимизча мўмин бўла олмаслигимизни ўргатиб бундай дедилар: “Бирортангиз то биродарига ўзи учун яхши кўрган нарсани раво кўрмагунича мўмин бўла олмассиз”.
Яна бир ҳадисда бизни меҳр-муҳаббатли бўлишга, қалбларнинг калитига эга чиқишга тарғиб этиб дедилар: “Ўзаро муҳаббатли бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар! Сизларга бир ишни айтайми, агар уни қилсангиз ўзаро меҳр-муҳаббатли бўласизлар? Орангизда саломни ёйингиз!”
У зот алайҳиссалом яна бизга: кимнидир яхши кўрсак, унга бу ҳақда хабар бериб қўйишимизни, қулай фурсат кутиб ўтирмасликни, хусусан ҳайит байрамида айтаман деб ўтирмасликни ўргатганлар: “Қайсики одам бир биродарини яхши кўрса, унга яхши кўришини билдириб қўйсин”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзаро ҳадя улашишга тарғиб этганлар. Негаки ҳадялар меҳр-муҳаббат элчисидир! Қай суратда, қай вақтда бўлишидан қатъи назар ҳадя улашишга одатланиш керак. У зот алайҳиссалом деганларки: “Ҳадя улашингиз, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўласиз”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси қудсийда, ҳаётимиз давомида одамларни Аллоҳ учун яхши кўриш билан ўтказадиган бўлсак, Аллоҳ бизни яхши кўриши ҳақида хушхабар берганлар: “Аллоҳ таоло айтди: “Мен учун бир-бирини яхши кўрадиган, Мен учун ўзаро ҳамсуҳбат бўладиган, Мен учун ҳадя улашадиган ва Мен учун бир-бирини зиёрат қиладиганларга муҳаббатим вожиб бўлди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотни ҳақиқатан яхши кўрсак, охиратда у зотни билан бирга бўлишимиз ҳақида хушхабар бериб бундай дедилар: “Киши ўзи яхши кўрадиганлар билан биргадир!”
Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти бизга битта муҳаббатдан ташқари ҳар қандай муҳаббат охиратда душманчиликка айланиши ҳақида хабар беради: “Ўша кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир” (Зухруф сураси, 67-оят).
Қиёмат куни ҳамма ўз оқибатини билгач, гарчи бу дунёда яқин ўзаро дўст бўлса ҳам, бир-бирига душманга айланади. Чунки у дунёда бир-бирларини турли амалларга ундаган дўстларнинг дўзахга тушиб жазо тортишлари аниқ маълум бўлиб қолади. Ана ўшанда, ёмон билан дўст бўлганига афсусланади.
Эндиги келтирадиганимиз оят эса бизга: халойиқни яхши кўришни Холиқни яхши кўришдан муқаддам қўйганлар ютқазишдаги, хасратдаги одамлар эканини баён этади: “Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқдир” (Бақара сураси, 165-оят).
Ё Аллоҳ, бизни муҳаббатинг ила ризқлантир! Ҳабибинг муҳаббатини ила ризқлантир! Сени яхши кўрадиганларнинг муҳаббати билан ризқлантир!
Аллоҳ дўстлар, суюкли кишилар ато этган бир кишидан сўрашибди: Қандай учрашиб қолгансиз?
- Аллоҳ бизни ҳеч қандай келишувсиз жам этди!
- Хўп, унда қандай дўстлашдингиз?
- Аллоҳ бизнинг ҳаракатимизсиз қалбларимизни улфат қилиб қўйди!
- Бу дўстлигингиз, меҳр-муҳаббатингиздан асосий мақсад нима?
- Қиёматда Раҳмоннинг соясида сояланиш!
Агар кимнидир яхши кўрсангиз уни дуоингизда эсланг. Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Мен (нафл намозда) сажда қилганимда қирқта биродаримни номма-ном дуо қиламан”.
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.