Мақолалар

“Қизимни мингта ўғилга алишмайман”

Отам оддий деҳқон бўлганлари учун оиламиз ўта фиқирлик билан кун кечирган. Лекин ота-онам узоқ йил фарзанд қўришмагани учун деҳқонлик қилиб топган пуллари эр-хотиннинг тирикчилигига кифоя қилган, икковлон борига қаноат қилиб яшашган экан. Кейин мен туғилдим. Онам мени дунёга келтирганларида ёшлари 40 дан ошган экан.

Узоқ кутилган фарзанд ўғилми, қизми одатда фарқи бўлмайди. Инсон тирноққа зор бўлганда, одамларнинг гап-сўзларидан кўз очолмай қолганда ҳатто ўлик бўлса ҳам фарзанд кўргиси келади, Аллоҳдан ёлвориб шуни сўрайди. Лекин кексаликка қараб кета бошлаган отамга ёнларида турадиган, деҳкончилик ишларида белларига мадор бўладиган фарзанднинг ўғил бўлиши ҳар жиҳатдан яхши эди. Шунинг учун қалбларининг бир четида кутилаётган гўдак ўғил бўлишини сўраган бўлсалар ҳам ажаб эмас. Доя аёл ҳам буни сезган шекилли, менинг қиз бола эканимни дадамга бир оз маҳзунлик ила билдирган экан. Одатда оталар ўғил фарзанднинг суюнчи пулини кўпроқ қилиб беришар экан. Аммо дадам менинг туғилганим хабарини эшитганарида доя аёлга ўғил болаларга бериладиган пулдан кўпроқ пул берган эканлар. Доя аёл буни сира кутмабди. Отам мени бағриларига босиб “Ўғил бола бўлганда бунчалик хурсанд бўлмасдим” деганларида доя аёл ҳайратдан карахт бўлаёзган экан.

Бу ҳикояни мен дадамдан кўп эшитганман. Ҳар гал айтиб берганларида ўзгача ҳаяжон билан ҳикоя қилардилар. Менга бу ҳикояни эшитиш жуда ёқарди. Айниқса “Сени бағримга босиб доя аёлга шундай шундай дедим” деган жойларида бир кўз ёши қилиб олардилар. Онам ҳам бу ҳикояни кўзларида ёш, лекин нимтабассум билан эшитардилар. Туғилиш қиссам мени доимо яхши ишларга, яхши инсон бўлишга, ота-онамнинг хизматларини қилишга, уларнинг қадрига етишга, айниқса дадамнинг белларига қувват бўлишимга илҳомлантирарди.

Бу истаклар менинг бутун ҳаётим мазмунига, мақсадига айланган эди. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, мен ҳаётим давомида отамга кўп раҳматлар эшиттирдим. Мен билан фахрланишларига, инсонлар олдида бошларини баланд тутишларига сабабчи бўладиган кўп ишлар қилдим. Отам вафот этгунларича “Бу қизимни мингта ўғилга алишмайман” дея яшадилар.

Мени ўқиш ва ишларимда муваффақиятга эришишимга отамнинг меҳрларига, ҳали туғилмасимдан илгари тўла бўлган муҳаббат қучоқларига тўйиб ўсганим сабаб бўлди. Тўғри, отам мени маликалардек моддий таъминламадилар, лекин менга маликалар ҳам кўрмайдиган икром, ғамхўрлик ва севгини кўрсатдилар. Аллоҳ отамнинг гуноҳларини кечириб, жаннатлари ила сийласин!

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1557 times

Мақолалар

Top