Мақолалар

Ғурур қалбингизга сизиб киришига йўл қўйманг!

Шайх Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳ масжидда одамларга дарс ўтиб берибдилар, дарс асносида ҳамма у кишини олқишлабди, натижада ўзларида кибрни ва ужубни сезибдилар.

Дарс тугагач ҳайдовчилари машинани уйлари томон ҳайдабди. Йўлда бир масжидни кўриб, ҳайдовчиларига “Шу ерда тўхтат”, дебдилар.

Ҳайдовчи: “Шайх жаноблари, ҳали намоз вақти бўлмади-ку”, дебди.

Шайх масжидга кириб, таҳоратхонани яхшилаб тозалаб чиқибдилар. Кейин машинага қайтганларида ҳайдовчилари: “Нега бундай қилдингиз”, деб сўрабди.

Шунда Шайх Шаъровий: “Мен ўзимдан ғурурланиб қолдим, шу сабаб уни хорлаб қўйгим келди!” деган эканлар.

Бирор ишда муваффақият қозонсангиз, ошиғингиз олча бўлса, ғурур қалбингизга сизиб киришига қўйиб берманг!

Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳ менга камтар бўлишингизни ваҳий қилди, токи ҳеч ким бошқалар устидан фахрланмасин, катта кетмасин ва зулм қилиб қўймасин” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Ўзингизни покламангиз (оқламангиз), У тақводорларни жуда яхши билади” (Нажм сураси, 32-оят).

Тоғнинг чўққисига яқинлашганингизда эҳтиёт бўлинг, ғурурга берилиб тўғри йўлингиздан адашиб, тоғдан қулаб тушманг! Қияликда турган одамларни паст кўрманг, ахир Аллоҳ таоло ояти каримада айтган-ку: “Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас”. (Луқмон сураси, 18-оят).

Мағрур одам борлиқнинг бошқарувчисини унутиб қўяди, Аллоҳ азза ва жалла ёрдам ва тавфиқ эгаси эканини ёдидан чиқаради. Бажараётган ишлари аслида Аллоҳ хоҳлагани учун бўлганини, агар хоҳласа ундан ҳамма неъматларини олиб қўйишга ҳам қодир эканини, лекин раҳм қилиб муҳлат бераётганини мутлақо унутиб қўяди.

Ҳурматли оталар, шу ўринда бир нарсани сизга эслатиб ўтмоқчимиз. Фарзандларингизнинг одоби, салоҳияти сизнинг илмингиз ва чиройли тарбия этишингиз билан ҳосил бўлиб қолмайди. Уларнинг солиҳ инсон бўлиб етишиши Аллоҳнинг фазлидан ўзга нарса эмас! Шундай экан, қалбингиз билан оламлар Робби Аллоҳга юзланинг. Аллоҳдан фарзандларингизни ислоҳ қилишини, уларга гўзал тарбия беришини сўраб дуо қилинг! “Эй иймон келтирганлар, ўзингиз ва аҳлингизни дўзахдан сақлангиз” (Таҳрим сураси, 6-оят).

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Одоб оталарнинг қўлида, фарзанднинг солиҳ бўлиши эса Аллоҳнинг қўлида”.

Ҳурматли аёллар! Эрингиз сизни яхши кўриши, қалби сизга боғланиши – фақатгина гўзаллигингиз, у билан муомала қилиш маҳоратингиз орқали бўлади деб ўйламанг! Эрингизнинг қалби Аллоҳнинг қўлида, хоҳласа уни сизга беради, хоҳласа сиздан буриб юборади. Шундоқ экан, қалбингизни қалблар Подшоҳи – Аллоҳга боғланг ва Ундан истаган кишингизнинг қалбини сўранг!

Азиз ёшлар! Тўғри йўлда юришингиз Аллоҳнинг метин арқонини маҳкам тутишингиз шахсий ютуқларингиздан бири деб ўйламанг, аслида ҳидоятда бўлишингиз, унда собит туришингиз Аллоҳ талонинг раҳматидир! Агар хоҳласа сизни кетма-кет фитналарга гирифтор этган бўларди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нидо қилиб: “Агар Биз сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бироз бўлса-да, мойил бўлишингга оз қолар эди”, дея марҳамат қилди ва ҳидоятида собит қилиш ҳатто икки олам сарвари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ҳам фақат Ўзи томонидан бўлишини ўргатди.

Аллоҳ сизга ташқи ёки ички бирор неъмат берса, Унга муҳтож эканингизни изҳор этинг, Унга қалбингиз ва тилингиз ила ҳамд айтинг, тана аъзоларингиз билан шукрини адо этинг. Аллоҳ таоло айтади: “Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).

“Менга у фақат ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир” (Қасас сураси, 78-оят) дейишдан эҳтиёт бўлинг! Бу гапни Қорун айтган эди, натижаси мана бундай бўлди: “Бас, Биз уни ва унинг ҳовли-жойини ерга ютдирдик” (Қасас сураси 81-оят).

Ғурурланишдан ҳазир бўлинг, Роббингиз олдида камтарлик қилинг, Унга хорлигингизни, муҳтожлигингизни изҳор этинг!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

Read 1486 times

Мақолалар

Top