Мақолалар

Исломга оид сўзлар ёзилган газета ва журналларни ташлаб юбориш

Cавол: Уйимизда турли тақвимлар, Ислом динига оид сўзлар ёзилган газеталар бор. Шуларни ташлаб юборсам гуноҳкор бўлмайманми?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Уламоларимиз ўқишга яроқсиз ҳолга келган оят ва ҳадис ёзилган китоб, газета ва журналларни покиза матога ўраб кўмилади ёки уни эҳтиромини сақлаган ҳолда ёқиб юборилади. Албатта бундан мақсад, Аллоҳ таолонинг улуғ каломи ёки Расули акрам алайҳиссаломнинг муборак ҳадислари ёзилган нарса оёқ остида қолиб кетишни олдини олишдир.

Қуръон оятлари ёки Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари ёзилган қоғозларни кўмишда ҳам ўша китоб ёки варақларнинг юзига тупроқ тортилмасдан худди вафот этган инсонни дафн қилингани каби чуқур қазиб, сўнг ён тарафидан ғовак ковлаб ўша ерга худди токчага қўйгандек кўмилиши керак, дейдилар уламоларимиз. Аллома Ҳаскафий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Фойдаланиб бўлмайдиган китоблардан Аллоҳ таолонинг фаришталар ва Пайғамбарларнинг исми ўчирилади ва ёқиб юборилади. Ўчирмасдан туриб ҳам оқар сувга оқизиб юборишнинг зарари йўқ. Кўмиш ҳам мумкин. Кўмиш энг афзал йўлдир. Зеро, анбиёлар ҳам дафн этилганлар” (“Дуррул мухтор” китоби).

Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ Ҳаскафийнинг мазкур гапларига қуйидагиларни қўшимча қилганлар:

“Шунингдек, эскириб, чириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган барча китобларни кўмиш афзал саналади. Бунда китобни эҳтиром қилишга зид ҳолат йўқ. Чунки инсонларнинг энг афзаллари ҳам ерга дафн қилинган” (Раддул муҳтор” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 857 times

Мақолалар

Top