Мақолалар

Бетизгин эркинлик – ҳаёсизликдир                       

“Оммавий маданият” атамаси ўтган асрнинг иккинчи ярмидан қўллана бошланган бўлса-да, унинг тарихи жуда узоқ. Оммавий маданият тарқалиши макон ва замонда турлича кечган. Инчунун, қадим замонларда ҳам оммавий маданиятни тарқатиш билан шуғулланилган. Бундай иш билан шуғулланувчи махсус хуфия хизматлари ташкил этилган. Шунингдек,  савдогарларлар, сайёҳлар, олимлар ҳам бу ишга жалб этилган. Баъзи ҳолларда бу  маданият уруш, босқинчлик йўли билан ўзга юртларда амалга жорий этилган

Оммавий маданият ўзига хос тараққиёт йўлини босиб ўтганига Қўшма Штатларини мисол келтириш мумкин. Турли миллат ва элатларнинг манфаати тўқнаш келган Америка Қўшма Штатлари давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун маданиятларни яқинлаштириш орқали миллатлар ўртасидаги тафовутни йўқотган ва “америкалик” деган ягона миллатни шакллантириш сиёсатини олиб борган. Бу сиёсат Америка давлатининг яхлитлигини сақлаб қолишга асқатган бўлса-да, лекин унинг оқибатида ўнлаб миллат вакилларининг катта сиёсат қурбонига айланиб, “ютилиб” кетганини ҳисобга олсак, оммавий маданиятнинг соф сиёсий тушунча экани яққол кўзга ташланади.

Американинг ана шу маданиятларни яқинлаштириш сиёсатини собиқ Шўролар ҳам амалда қўллашга уриниб кўрди. Аммо улар бунда ниҳоятда  ҳаддан ошиб кетди. Шўро мафкурачиларининг фикрича, яқин келажакда Иттифоқда ҳар хил миллатлар бўлмаслиги, одамлар ҳар хил тилда гапириб бири иккинчисини тушунишга қийналмаслиги, бу мамлакатда фақат бир тилда гаплашадиган ва бир хил фикрлайдиган “совет кишиси” шаклланмоғи лозим эди.

Аллоҳ таоло бандаларига хитобан: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”, деб хабар қилган (Ҳужурот сураси, 13-оят)

Аллоҳ таолонинг амрига қарши боргани оқибатида Шўро Иттифоқи парчаланиб кетди. Бунга анча бўлган эса-да, оммавий маданиятнинг кенг тарқалиши жадал давом этмоқда. Америка ва собиқ Иттифоқнинг “ягона миллат” яратиш йўлидаги ана шу тажрибаси бугун глобаллашган суръатда давом этмоқда. Бунинг кўламидан, айниқса, америкалик сиёсатчиларнинг (Э.Тоффлернинг “Учинчи тўлқин”, П.Бьюкененнинг “Ғарбнинг ҳалокати” асарлари оммавий маданият келтириб чиқараётган зарарлар ҳақида) ўзлари кўпроқ хавотирга тушяпти.

Бироқ, глобаллашув жараёнлари чуқурлашгани, ахборот технологиялари такомиллашиб боргани сайин миллий қадриятларни, азалий анъаналарни сақлаб қолиш масаласи долзарб аҳамият касб этиб бораверади. Бунда оммалашиб бораётган маданий тушунчаларнинг роли катта бўлади.  Файласуф Абдураҳим Эркаевнинг ёзишича, “Ўтмишда оммавий маданият халқ бахшилари кўйлайдиган достонлар, сайилларда, тўйларда оммага кўрсатиладиган томошалар – дорбозлик, аскиябозлик, масхарабозлик, халқ ашулалари каби кўринишларда мавжуд бўлган. Шу боис у ўзининг халқчиллиги, эзгулик ва инсонпарварлик руҳи билан ажралиб турган”.

Демак, бугун “оммавий маданият” номи билан аталаётган ва дунё бўйлаб кенг ёйилиб бораётган тушунча соф муҳаббатни тараннум этган, жанговар руҳдаги достонлар, одамларни ўзаро аҳил-иноқликка чорловчи халқ сайиллари, оилавий шодиёналар ифодаси – тўйлар, эпчиликка, қўрқмасликка ундовчи дорбоз ўйинлари, сўзга чечанликка, ҳозиржавобликка ўргатувчи аскиябозилик, рўй бераётган камчиликларни фош этувчи масхарабозлик каби эзгуликка, инсон камолотига ҳисса қўшишга йўналган ана шу миллий қадриятларимизга, тўй-у томошаларимизга моҳиятан тескари бўлган, кишига чексиз эркинликлар ваъда қилувчи, демакким, ёввойиликка, уятсизликка, андишасизликка тарғиб этувчи бир “оломон маданияти”дир.

Бир қарашда оммавий маданият ҳақида бу тарзда қатъий ҳукм чиқариш бир оз муболағадек туюлади. Лекин масаланинг мазмун-моҳиятига теранроқ назар ташланганда бу ерда ҳеч қандай муболағага йўл қўйилмагани аён бўлади. Тасаввур қилинг, юқорида санаб ўтилганлар олдин қандай ўтган-у, ҳозир қандай ўтмоқда? Халқ сайиллари ёки тўйларда ёшларни фикрлашга, жисмонан соғлом бўлиб улғайишига ҳисса қўшадиган ана шу томошаларнинг қайсилари ўтказилмоқда? Халқ сайиллари – енгил-елпи қўшиққа ўхшаган алмойи-алжойи шовқин-суронлар ва уларга эш бўлган рақснамо беҳаё қилпиллашлар... Тўйларда ҳам худди шу аҳвол.

Оммавий маданият шуниси билан хатарлики, ёшларни қайси миллатга, қайси қатламга мансуб бўлишига қарамасдан бирдек жалб этади. Шунингдек, америкалик геосиёсатчи З.Бзежинскийнинг фикрича, америкача оммавий маданият жозибадорлиги асосида ижтимоий эгалитаризмга алоҳида аҳамият берадиган, айни пайтда индивудиализм ва шахс муваффақиятларини инкор қилмайдиган америкача демократия ётибди. Бир сўз билан айтганда, оммавий маданият одамларни фикрлашдан тўхтатиб тайёр истеъмолчига айлантирадиган ҳодиса ҳисобланади.

Ҳозирги кунга келиб оммавий маданиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланишни истаётган кучлар  моддий фойда олиш учун бутун инсониятнинг ахлоқига тажовуз этмоқда.

Бу мақсад йўлида улар аввало сўз санъати бўлган адабиётдан фойдаланмоқда. Кишини эзгу амалларга, бунёдкорликка йўналтирадиган, гўзаллика ошно этиши лозим бўлган адабиётга катта тезликда эркин муҳаббат, жамоавий интим муносабатлар мавзуидаги беҳаё ва бемазмун нарсалар чаплаб ташланди. Ана шу “асар”лар асосида фильмлар, сериаллар, мултфильмлар яратилди. Бундай асарлар ва улар асосида олинган фильм ва сериаллар томошабинни ланж қилади, ҳаракатдан, фаолликдан тўхтатади. Улар одамларни турмуш муаммоларидан, турли қийинчиликлардан бироз чалғитгандек бўлади, шахсий муаммоларини унуттириб, кўнглига гўёки таскин бағишлайди, улар хаёлан ўзларини сериал қаҳрамонларидек ҳис қилади. Ҳақиқий ҳаёт, ечимини кутаётган муаммолар эса улда-жўлда қолиб кетаверади. Секин-асталик билан кишининг курашчанлик қобилияти буткул маҳв бўлади. Бунга мисол тариқасида “Ҳолливуд” ва “Болливуд” фильмларини келтириш мумкин. Ҳиндистонликлар, хусусан, қашшоқ аҳоли бир сўм пул топса ҳам кинога киради. Ҳашаматли виллаларда тўкин-сочин яшаётган, бежирим машиналарда юрган фильм қаҳрамонларини кўриб бир зумга бўлса-да, ўзини уларнинг ўрнида тасаввур қилиб роҳатланади. Кинотеатр ташқарисида эса уларни яна очлик ва яланғочлик балоси кутиб турибди.           

Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида бизни бундай огоҳлантирган эди: “Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивудиализм, эгоцентризм, ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”.             

Бинобарин, оммавий маданият ниқоби остида турли ғаразга йўғрилган нохолис ахборотлар хуружи таъсиридан сақланиш (бундай ахборотлар ниҳоятда кўп йўллар билан тарқатилади: кўнгилочар телеканаллар,  радио эфирлар, газета-журналлар, кино, сериал, мультфильм ва ҳоказолар), “санъат асар”лари замирида тарғиб этилаётган зўравонликни, ахлоқсизликни, эгоцентризм ғояларни ўз вақтида англаб уларга қарши мафкуравий иммунитетни ҳосил қилиш бугун фақат бизнинг мамлакатда ёки минтақада эмас, бутун жаҳонда энг долзарб масала бўлиб турибди.

Оммавий маданият тарғиботчиларининг тузоғига  энг осон илинадиганлар тақлидчилардир. Тақлидчилар учун ҳашаматлар-у ялтир-юлтирнинг ўзи кифоя. Бизнинг олдимиздаги вазифа халқимизни, ёшларимизни ана шу тақлидчиликдан, кўр-кўрона эргашувчанликдан сақлашга эришмоғимиздир. Бунинг учун эса, аввало, зиёлиларнинг ўзи чин ва сохта қадриятлар орасидаги нозик фарқни теран англаб ола билмоғи лозим. Бизнингча, буни  соддагина қилиб ёшларга бундай тушунтириш керак: Оммавий маданият тарғиботчилари ташвиқ этаётган хорижий дангир-дунгирдан ўзимизнинг дўмбиранинг навоси яхши. Чунки у қалбимизга туташ. Ярим яланғоч оммачилардан ўзимизнинг ҳам қадди-қоматимиз кам эмас. Фақат бизда улардан фарқли равишда ҳаё, ибо деган инсоний туйғулар бор... Оммавий маданиятни ўта мавҳумлаштириб юбормасдан шу тарзда оддийгина усулда ёшларимизга тушунтириб борилса, ҳар бир нарсага кўр-кўрона тақлид қилиш эмас, ҳар қандай масалага танқидий руҳда ёндашиш, яхши-ёмоннинг фарқини билиш кўникмасини шакллантиришга эришиш осон бўлади.

Бинобарин, муҳтарам Президентимиз айтганидек, “Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди. Демак, унга доимо маънавий озиқ керак. Агар шу озиқни ўзи яшаётган муҳитдан олмаса ёки бу муҳит уни қониқтирмаса, нима бўлади, айтинглар? Бундай озиқни у аста-секин бошқа ёқдан излайди. Шунга йўл бермаслигимиз керак. Мана, гап нима ҳақида кетяпти!” (Шавкат Мирзиёев. Ватанимиз тақдири ва келажаги йўлида янада ҳамжиҳат бўлиб, қатъият билан ҳаракат қилайлик. Тошкент. “Ўзбекистон” нашриёти. 2017. 25-бет).

Ушбу нутқдан қуйидагича хулоса қилиш мумкин: катта авлоднинг олдидаги вазифа – ёшларнинг бекорчи вақтини қолдирмасдан уларни доим бир фойдали иш билан банд қилиб қўйиш; уларга мутолаа сирларини ўргатиб, зеҳнини ўстирадиган, қалбини юмшатадиган, ватанпарварлик туйғусини жўштирадиган китобларни танлашда ёрдамчи бўлиш; олди-қочдилардан санъат асарини фарқлаш сирларини ўргатиш; беҳаёлик гўзаллик эмас, аксинча, нафрат уйғотадиган иллат эканини ҳаётий мисоллар ёрдамида таъсирчан усулда тушунтириш; ҳалол-ҳаромни англатиш масаласида ўта қатъиятли бўлиш; кўрган-кечирганларига тақлид қилиб кетавермасдан, уларни ақл тарозисига солиб фойда-зиёнини чамалаб кўриш кўникмасини шакллантириш...Энг муҳими, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга ўргатиш даркор.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

                                                                                                                                       

 

Read 5356 times

Мақолалар

Top