Мақолалар

Ибодат – яхшилик ва меҳр-саховат ажридир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!

Бугун юртимизда қарор топган эътиқод эркинлиги, мўмин-мусулмон халқимизнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун шароитлар яратиб берилгани, айниқса, ҳаж ва умра амалларини адо этиш учун кенг йўл очилганини алоҳида эътироф этиш лозим. Албатта, бундан аҳолимиз жуда мамнун. Ибодат ва зиёратларда шукроналар келтириб, Юрт раҳбари ва Ватанимиз ҳаққига хайрли дуолар қилишмоқда.

Ҳар бир мўмин-мусулмон киши умри давомида бир марта бўлса-да, Каъбатуллоҳни тавоф қилишни, Арафотда туришни, Сафо ва Марва тепаликларида юришни орзу этади. Зотан, ушбу амаллар инсон ҳаётини яхшиликлар сари тубдан ўзгартирадиган, бир сўз билан айтганда, жаннат мукофоти ваъда қилинган буюк ибодатдир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида жуда кўп муҳим масалалар қаторида жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Президентимиз мазкур тадбир давомида: “Маълумки, кейинги йилларда ҳаж, умра зиёратларига кенг йўл очиляпти. Минглаб фуқаролар мана шундай қутлуғ зиёратларга бориб келаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Бу борада илгари ҳам айтган бир фикримни такрорламоқчиман: ҳажга, умрага бориб келган ҳар бир юртдошимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши керак. Афсуски, ҳамма жойда ҳам шундай бўлмаяпти. Зиёрат баҳона ўзини кўз-кўз қилиш, манманликка берилиш каби бизга ярашмайдиган хунук ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Булар албатта барчамизни ўйлантириши керак”, дея таъкидлади.

Афсуски, “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, деганларидек юртимизда ҳали-ҳануз ҳаж ёки умрага бориб келган айрим кишилар хўжакўрсинга иш тутиб, ҳаддан ошаётгани, ақлга сиғмайдиган аллақандай ишларни ўйлаб топиб, уни оммага намойиш қилиш ҳолатлари учраб турибди.

Бу ўз навбатида одамларнинг нафратига ва ушбу муборак ибодатларга нисбатан нотўғри тушунчалар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Масалан, хонадонларда зиёфатлар уюштириш, совға-салом улашиш борасида ҳаддан ортиб кетилмоқда. Мана шундай пайтларда ҳам илмсизлик – жаҳолат панд беряпти. Фарзандлар ота-онасини умра сафарига юборади ва уларнинг қайтишини шунчалар дабдабага айлантирадики, бу манманликдан ўзга нарса эмас.

Яна ҳожиларни қариндош-уруғ, қудалар томонидан меҳмонга чақиришлар, уларга бош-оёқ сарполар қилиниши, оёқлари остига қўйлар сўйилиши, буларни видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатилиши – бу оқибати яхши бўлмаган иллатлардир.

Ҳаж ва умра зиёрати ва ибодатлари насиб қилган инсон у ердан гуноҳлардан покланиб қайтмоғи керак. Қайтгач, савоб амалларини кўпайтириш, гуноҳ ишлардан тийилиш ҳаракатида бўлмоғи керак. Аммо бирга умра амалларини бажарган айрим ҳожилар ҳар ойда зиёфатлар уюштиришни одат қилган. Албатта, бунда ҳам улар кимўзарга мусобақа қилишмоқда. Ваҳоланки, муқаддас динимизда фақат хайрли ишлардагина мусобақалашиш буюрилган.

Боз устига, бундай дийдорлашувлар маънавий-маърифий мавзулардаги суҳбатлардан анча йироқ бўлмоқда. Аслини олганда, бу каби исроф зиёфатлар ўрнига маҳалладаги, қариндош-уруғлар орасидаги камхарж, бемор, моддий кўмакка муҳтож оилаларга қўлдан келганча хайр-эҳсон қилмоқ савоб эмасми?! Булар кўнгилга ғашлик, оғриқ соладиган ҳолатлардир.

Ислом таълимотида мўмин-мусулмонлар риёдан қатъий қайтарилади. Чунки, риё инсонлар орасида руҳий таъсир, шон-шуҳрат, моддий фойда учун қилинади. Дунёга оид бу каби моддий ва маънавий фойдаларни қўлга киритиш учун динга бўлган ҳурмат ва эътиборни суистеъмол қилиш риёнинг энг ёмон шаклидир.

Аллоҳга ва инсонларга қарши ўзини самимий тутиб риёдан узоқ туриш, иложи бўлса, ибодатларни яширин қилиш, Аллоҳнинг розилигини инсонларнинг мақтовига, истагига, қўрқувига қарши танлаш ҳар бир мусулмоннинг тамойили бўлиши керак. Шу маънода барча ибодатлар, хусусан, ҳаж ва умра холис Аллоҳ тало учунгига қилиниши шарт. Одамлар кўрсин учун, риё, сумъа, ужб учун қилинган ибодат мўмин-мусулмоннинг савоби олишига эмас, аксинча қаттиқ гуноҳкор бўлишига сабаб бўлади.

Маълумки, ҳаж ислом динининг беш асосий фарзларидан биридир. У – молиявий ва жисмоний ибодат бўлиб, қодир бўлган мўмин-мусулмон киши умрида бир марта адо этиши буюрилган. Луғатда “ҳаж” – “ҳурматли нарсанинг зиёратини қасд қилиш”, шариатимизда эса “белгиланган жойларда, муайян вақтларда махсус амалларни бажариш” деганидир.  

Ҳажнинг муайян шартлари ҳам бор. Ушбу ибодатни бажаришни ният қилган кишининг балоғатга етган бўлиши, ақли расо, соғлом, сафар харажатларига қодир экани, ҳажга бориб келгунига қадар ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаб қўйиши шулар жумласидандир. Шунингдек, сафар йўллари очиқ ва бехатар бўлиши ҳам шарт қилинади.

 Қуйидаги ояти каримада ҳажда киши ўзини қандай тутиши, қандай тайёргарлик кўриши кераклиги зикр қилинган: “Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар!” (Бақара сураси, 197-оят). 

Оятнинг мазмунига кўра, ҳажга борувчи киши тақво билан зийнатланиб, бажараётган амалларини чиройли адо этишга ҳаракат қилиши керак. Қолаверса, ҳажнинг саноқли кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқиши лозим.

Ҳажнинг ва умранинг ўзига хос машаққати ва сарф-харажатлари бор, уларнинг мукофоти ҳам шунга яраша улуғдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай дейдилар: “Бир умра билан (кейинги) умра – орадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти – фақат жаннатдир” (Муттафақун алайҳ).

Умра ҳанафийлик мазҳабида суннат ҳисобланиб, йилнинг барча вақтида адо қилиш мумкин. Фақат арафа ва ундан кейинги тўрт кунда умра қилиб бўлмайди. Бу ҳадис қайта-қайта умра қилишнинг мустаҳаб эканига далилдир. Демак, ихлос билан қилинган умрадан кейин яна бир умра қилинса, бу иккиси орада қилинган гуноҳларга каффорат бўлади.

Ҳадиси шарифда мукофоти фақат жаннат бўладиган мабрур ҳаж ҳақида гап кетмоқда. Мазкур ибодат холис ният билан, ҳалол топилган мол эвазига қилинади. “Ҳажжи мабрур”га эришмоқчи бўлган киши сафарга кетишдан аввал Аллоҳ таоло олдидаги ва бандалардан олган қарзларини адо қилиши, ҳаж давомида эса унинг шартлари ва одобларига қатъий риоя қилиши керак.

Шунингдек, ҳаж даврида беҳаё сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юриш ҳам унинг шартларидандир.

Ҳажи қабул кишилар бегуноҳ ҳолда уйларига қайтадилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан шундай ривоят қилинади: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Мазкур буюк ибодатни бажариш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Шунинг учун бу улуғ сафарни ният қилган юртдошларимиз ҳажнинг моҳиятини яхши тушуниб олишлари, уни адо этиш тартибларини пухта ўзлаштиришлари, сафар одобларига қатъий риоя қилишлари лозим. Зеро, муборак сафарда ҳожиларимиз бутун халқимиз ва диёримизнинг юзи бўлади.

Ҳаж зиёратига отланган кишилар зиммаларидаги ҳажнинг фарз, вожиб ва суннат амалларини иложи борича жамоат билан, ўз вақтида адо этишга ғайрат қилишлари – муборак динимиз кўрсатмаси ва шариатимиз талабидир. Кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, зикр ва истиғфор айтиш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш каби савобли ишларни қилишлари зарур.

Ҳаж ва умрага бориб келган киши одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариши керак. Бу Аллоҳ таолонинг амридир: “Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир” (Оли Имрон сураси, 104-оят).

Президентимиз Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида: “...Муҳтарам уламоларимиз, дин пешволарини инсон қадрини улуғлаш, тинчлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳамлашга қаратилган ислоҳотларимизда фаол бўлишга, ўзларининг маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак кўрсатишга чақираман”, дея аҳли илмларга алоҳида ишонч билдирди.

Шундан келиб чиқиб, биз аҳли илмлар, дин пешволари Ватанимиз, миллатимиз ва динимизга ғайрат ва шижоат билан хизмат қилишимиз керак. Халқ ичига кириб, уларга янада яқин бўлиб, динимизнинг соф таълимоти тарғиботини кучайтиришимиз зарур.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, табаррук жойларда гуноҳдан пок бўлиб, юртимизга қайтган ватандошларимиз ибратли фазилатлари, жамият ҳаётидаги фаол иштироки билан барчага намуна бўлиб, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарвар, маънавиятли, маърифатли, ота-онасига, юртига хизмат қиладиган содиқ ва солиҳ фарзандлар бўлишига ўз ҳиссасини қўшиши лозим.

Шу билан бирга ёрдамга муҳтож кишилар, камбағал, мискин ва фақирлар ҳолидан хабардор бўлиб, уларга қувонч улашиш, дуоларини олишга ҳаракат қилиши қўллаб-қувватланган амаллардир.

Зеро, ҳаж ва умраларни адо этиб келган ҳожининг хайрли ишларда бардавом бўлиши унинг ибодатлари қабул бўлганини кўрсатади.

Жалолиддин домла ҲАМРОҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси ўринбосари


“Янги Ўзбекистон” газетасининг

2024 йил 20 январь 15-сонидан олинди

 

Read 1078 times

Мақолалар

Top