Ибратли ҳикоялар

Яна бир ҳовлимиз бор...

Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг уйига бир совуқ кечада меҳмон келди. Уларга оддийгина таом ҳозирланди.

Таомдан сўнг меҳмонлар ухламоқчи бўлди, бироқ ёпинчиқ йўқ эди. Улардан бири мезбондан ёпинчиқ сўраш мақсадида хона олдига борди. Қараса, Абу Дардо розияллоҳу анҳу ёнбошлаб ётибди. Аёли эса унга яқин жойда ўтирибди. Аёлининг ҳам, ўзининг ҳам устида юпунгина. На тагларига тўшаладиган кўрпа, на устиларига ёпадиган бирор нарса бор эди. Меҳмон уларга: “Нега совқотиб ётибсиз, кўрпа-тўшагингиз қани?” деди.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Бизнинг яна бир ҳовлимиз бор. Топганларимизни ўша ёққа жўнатамиз. Агар бу ҳовлида нимадир олиб қолганимизда, сизга албатта берардик... Борар йўлимизда кўтарилиш қийин бир довон бор. Ундан ўтишга фақат юки енгил инсонлар мувофиқ бўлурлар. Бизнинг ҳам умидимиз ўша довондан осон ўтиш” деди.

Унинг сўзлари меҳмоннинг кўзларини ёшлади: “Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин!”  дея дуо қилди.

Абдулаҳад СОБИРОВ,

Чилонзор тумани “Новза” жоме масжиди имоми ноиби

 

Read 5113 times
Tagged under

Мақолалар

Top