Мақолалар

Расулуллоҳнинг ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман

Наъийм ибн Ҳаммод айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Муборак бир ўзлари уйда кўп ўтирардилар. Ундан: “Ўзингизни ёлғиз ҳис этиб зерикиб қолмаяпсизми?” деб сўрашди. У зот: “Қандай ҳам ёлғизланай, ахир Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва унинг асҳоблари билан бирга бўлсам!?” деб жавоб бердилар.

Буюк тақво соҳиби Имом Молик. Агар ҳадис айтмоқчи бўлсалар, таҳорат қилиб, ўринларига виқор билан жойлашиб, кейин ҳадис айтишни бошлар эдилар. У кишига бу ҳақда сўрашганида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман, шунинг учун таҳоратдан хотирим жам бўлгандагина ҳадис айтаман, деб жавоб қилган эканлар.

Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳадис талаб қилаётган, ўрганаётган киши борки, унинг юзида ёрқинлик ва кўркамлик бордир”.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳаққига бундай дуо қилганлар: “Биздан бир ҳадисни эшитиб, уни ёдлаб олиб, бошқаларга етказган одамни Аллоҳ ёрлақасин” (Имом Термизий ривояти).

Яъни, Аллоҳ унинг юзини ёруғ, кўринишини гўзал қилсин.

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ: “Имом Бухорий билан сафарда бирга бўлиб, бир уйда тунашга тўғри келди. Ўшанда шунинг гувоҳи бўлдимки, у киши бир кечанинг ўзида ўн беш мартадан йигирма мартагача уйғониб, ҳар гал чақмоқ тошни ишлатиб чироғини ёқар, ёдига тушган ҳадисни ёзиб қўяр эди”.

Тўғри, бу воқеани кўп бора эшитганмиз. Лекин Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳадис тўпламларига ҳадисларни таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиб киритганларини бир тафаккур қилиб кўрайлик.

Аллома Абдулфаттоҳ Абу Ғудда айтадилар: “Ҳадис илмига машғул бўлган киши ўзини Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга яшаб, умргузаронлик қилаётгандек ҳис қилиб, умматни тўғри йўлга бошлашда у зотнинг сийратлари билан тарбияланиши лозимдир”.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

 

Read 2577 times

Мақолалар

Top