Мақолалар

“Севгилим” билан кутилмаган учрашув

Мактаб даврида кўпчилик қизлар севги-муҳаббат дардига мубтало бўлишади. Ачинарлиси, бу “дард” йигит-қизларни илм олишдан чалғитиб қўяди. Ундан ҳам ёмони кўп ҳолатларда бу “муҳаббат қиссалари”нинг охири хайрли бўлмайди.

Биз ҳам мактабда юкори синфларда, ундан кейин коллежда ўқиган пайтимиз синфимиздаги қизларни сўраб келадиган йигитлар кўп бўларди. Энг асабни бузадигани уларнинг дарс маҳалида, дарсни бўлиб, қизларни чақиришлари эди. Бу устозларнинг ҳам жаҳлини чиқарарди. Лекин дугоналарим ичида ҳамма мени сўраб келадиган “севгилим”га ҳавас қилишарди. Чунки уларни охири барибир ташлаб кетадиган, ёлғончи йигитлар сўраб келишса, мени сўраб келадиганим отам эдилар.

Бирорта дугонамнинг дадаси мактабга менинг дадамчалик кўп келмасди. Дадам танаффус пайтлари келиб мени мактабимиз ташқарисига олиб чиқар, жазирама кунларда менга муздек шарбатлар олиб берардилар. Кейин қўнғироқ чалиниши билан харажатларимга етарли пул бериб мактабга киргазиб юборардилар. Синфга қўлимда пул ва ширинликлар билан кириб борарканман, кўпчилик дугоналарим менга ҳавас кўзлари билан қарашарди.

Дугоналарим гоҳида ўзлари учрашадиган йигитларининг сифатларини, минадиган машиналарини айтиб мақтаниб қолишарди. Шундай пайтларда мен дадам ҳақларида гапириб мақтанардим. Улар йигитлари ҳақида уйдагилари билиб қолишидан доим қўрқувда, улар ҳақида гапиришдан доим хавотирда юришарди. Мен эса, ўз “йигит”им ҳақида гапиришдан доим хотиржам эдим. Қолаверса улар йигитларини ташлаб кетишидан қўрқишарди. Мен эса, доим ёнимда бўладиган садоқатли ва вафодор “севгилим” борлигидан фахрланардим. Мен улардан кўра ўзимни анча бахтиёр ҳис қилар эдим.

Отам раҳматликнинг елиб-югуришлари, менга бўлган эътиборлари, ғамхўрликлари сабаб ўсмирлик пайтимда, то турмушга чиқиб кетгунимча бирор йигитга қарамадим. Бирор йигит билан гаплашиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрганим йўқ. Йиллар ўтиб билдимки, отам ҳамма ҳаракатларини менинг иффатимни, ор-номусимни сақлаш учун, мени чиройли ҳолатда турмушга бериш учун қилган эканлар. Ҳамма қизларнинг ҳам отаси менинг падарим каби бўлишини хоҳлардим...

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1094 times

Мақолалар

Top