Мақолалар

Одамлар олдида насиҳат қилманг!

Бошқалар олдида айбланишни, хатоси айтилишини ёқтирмаслик инсоннинг табиатидир, яъни туғма характердир!

Ривоят қилинишича Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо нотўғри таҳорат қилаётган бир одамни кўриб қолиб, унга насиҳат қилишга ва қандай таҳорат қилиш кераклигини ўргатишга келишиб олишибди. Унинг олдига келиб: “Биродар, қайси биримиз яхшироқ таҳорат қилаётганимизни кўриб бероласизми?” дейишибди. Кейин бирма-бир таҳорат қилишибди. Уларнинг чиройли тарзда таҳорат қилаётганини кўрган ҳалиги киши ўзи яхши таҳорат қилмаганини тушуниб етибди ва уларга айбламасдан гўзал насиҳат ила тушунтирганлари учун раҳмат айтибди.

Насиҳатни яширинча қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларидандир. Чунки одамлар кўз ўнгида насиҳат қилиш уятли, хижолатли ҳолат-да…

Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтган экан: “Кимки биродарига ҳеч ким йўқ жойда насиҳат қилса, унга насиҳат қилган ва зийнатлаган бўлади. Кимдаки ошкора ваъз қилса, уни шарманда қилган ва уятга қўйган бўлади”.

Умар розияллоҳу анҳу: “Менга айбларимни кўрсатган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”, дер эканлар ва саҳобаларнинг насиҳатларига қулоқ тутарканлар.

Бир киши Алий розияллоҳу анҳуга одамлар орасида: “Эй мўминлар амири, сиз фалон-фалон ишда хато қилдингиз, сизга бундай-бундай деб насиҳат қиламан”, дебди. Шунда Алий розияллоҳу анҳу унга: “Агар менга насиҳат қилмоқчи бўлсанг, иккимиз орамизда насиҳат қилгин. Чунки одамлар орасида очиқчасига насиҳат қилсанг, сизларга ҳам, ўзимга ҳам жавоб беролмайман”.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мўмин биродарининг айбини яширади ва унга насиҳат қилади, фожир эса бадном қилади ва айблаб ташлайди”.

Имом Ибн Ҳазм айтади: “Насиҳатингни қабул қилишни шарт қўйиб насиҳат қилма, зеро, бундай қилсанг, насиҳатгўй эмас, золим ва подшоҳликни талаб қилувчи бўласан. Омонат ва биродарчилик ҳаққини адо этган бўлмайсан. Бу оқилона ҳукм ҳам, дўстона ҳукм ҳам эмас. Аксинча амирнинг халқига буйруқ беришига ёки хожа ўз қулига буйруқ беришига ўхшайди”.

Биз бу замонда иккиюзламачилик қилмайдиган, нохолислик қилмайдиган, уёққа-буёққа ўгирилмайдиган ростгўй дўстга жуда ҳам муҳтожмиз!

Ичи билан таши бир бир хил бўлган, ишончли, Аллоҳдан қўрқадиган, қилаётган ҳамма ишида Аллоҳнинг розилигини қасд қиладиган, мукофот ҳам, ташаккур ҳам кутмайдиган тақводор, насиҳатғой дўстга ўта муҳтожмиз!

Маймун (бу сўз араб тилида чиройли деган маънони билдиради) ибн Меҳрон шогирди Жаъфарга айтган экан: “Ёқтирмайдиган нарсангни юзимга айт, зотан одам биродаридаги ёқтирмайдиган хислатини юзига айтмагунча унга насиҳат қилган бўлмайди”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1324 times

Мақолалар

Top