Мақолалар

“Аллоҳумма антас-салаам...” зикрини айтиш

Cавол: “Аллоҳумма антас-салаам...” зикрини аср намози каби ортида суннат намозлари бўлмаган фарзлардан кейин ҳам айтиладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ҳа, айтилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу зикрни қилганлари ҳақидаги ҳадисларда бирорта намоз истисно қилинмаган. Балки мазкур зикр барча намоздан кейин айтилганига ишора қилади. Бу ҳақда Ҳанафий олимлардан Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ “Бадоиъус саноиъ” номли китобида қуйидагиларни зикр қилганлар:

“Имом салом бериб намозни тугатгач, агар шу ўқиган намози бомдод ва аср каби ортида суннат намози йўқ бўлса, хоҳласа туриб кетади. Хоҳласа, жойида ўтириб, дуолар билан машғул бўлади. Чунки бу икки намоздан кейин ўқиладиган суннат намоз йўқ. Шундай экан, дуо қилиб ўтиришининг зарари йўқ. Оиша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан фориғ бўлгач, “Аллоҳумма антас салаам ва минкас салаам табарокта йаа Зал Жалали вал Икром”, дер эдилар”.

“Мароқул фалоҳ” китобида ушбу маълумотларни кўришимиз мумкин:

“Имом намозини тугатгач, хоҳласа, вирд(зикр)ларини ўтириб, хоҳласа туриб айтади. Уч марта истиғфор айтади. Кейин ушбу ҳадисда келган зикрни айтади:

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатгач, уч марта истиғфор айтиб, кейин “Аллоҳумма антас салаам ва минкас салаам табарокта йаа Зал Жалали вал Икром”, дер эдилар” (Имом Муслим ривояти).

Мазкур иборалардан маълум бўладики, мазкур зикр барча фарз намоздан кейин айтилади. Агар фарз намознинг ортидан суннати ҳам бўлса, ушбу зикрни қилиш билан кифояланади ва суннат намозни адо этишга туради. Агар ортидан суннати бўлмаган намоз бўлса, ушбу ва бошқа зикрларни қилиб ўтириши жоиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 1308 times

Мақолалар

Top