Мақолалар

Намозга киришиш олдидан имомнинг “сафларни тўлдириб олинглар” дейиши тўғрими?

Cавол: Имом иқомат такбиридан кейин намозга киришишдан аввал қавмга қарата: “Сафларни тўлдириб олинглар”, дейиши тўғрими?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумаллоҳ наздиларида муаззин иқомат айтиб: “Қод қоматис-сола” деган пайтида имом ва қавм намозга киришадилар. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга кўра, имом ва қавм муаззин иқоматдан фориғ бўлгандан кейин намозга киришади. Бу ҳақда фиқҳий манбаларимизда бундай дейилган: “Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммадга кўра, муаззин “Қод қоматис-сола” деганда имом намозга киришади. Имом Абу Юсуф: “Муаззин иқоматдан фориғ бўлганда имом намозга киришади. Шунда қавм ҳам муаззин ортидан (иқомат калималарини айтишда) етишиб олиш фазилатига эришади ва муаззин имом билан бирга намозга қўшилиш имконига эга бўлади” деганлар”.

“Хулосатул фатаво” китобида Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммадларнинг сўзлари “тўғрироқ” экани таъкидланган. Шунингдек, “Қудурий”, “Виқоя”, “Канз” ва бошқа мўътабар фиқҳий китобларда фақат Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алаҳйининг сўзлари нақл қилиб келтирилганидан, мазҳабимиздаги фатво берилгани шу экани маълум бўлади.

Шунга кўра, мазҳабимизнинг мутақаддим уламоларига кўра, имом иқомат билан такбири таҳримани орасини ажратмайди, намозхонларни сафларини тўғирлаб олишга даъват қилмайди, балки, муаззин иқомани айтиб бўлиши билан намозга киришади.

Шундай бўлсада, “Аз-Зоҳийрийя” китобида қуйидаги масала ҳам зикр қилинган: “Агар имом намозга киришишни муаззин иқомат айтишдан фориғ бўлгунига қадар кечиктириб турса, барча имомлар (Имом Абу Ҳанифа ва икки шогирдлари)га кўра, жоиздир” (“Фатаво Аз-Зоҳийрийя” китоби).

Демак, имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф ўрталаридаги ушбу икки хил қараш асосан ушбу икки ҳолатдан қайси бири афзал экани борасида экани маълум бўлмоқда.

Лекин мазҳабимиздаги айрим мутаааххир фуқаҳолар имом қавмга сафларни тўғрилаб олишини эслатиши жоиз эканини очиқ айтишган. Жумладан, Имом Зайлаий “Канз”нинг шарҳида бундай дейдилар: “Қавм намозга турганларида, сафларини ростлаб, текислашлари ва орадаги очиқ жойларни тўлдиришлари ҳамда елкаларини баробар қилишлари лозимдир. Имом намозни бошлашдан олдин уларга сафларни текислаб, ораларда очиқ жой қолмаслигини буюриши жоиздир. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сафларингизни баробар қилинглар. Зеро, сафни текислаш намознинг мукаммаллигидандир”, деганлар.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ё сафларингизни текислайсизлар ёки Аллоҳ таоло бир-бирларингизга юзларингизни терс қилиб қўяди”, деганлар. Бу ҳадисда зикр қилинган “юзларни терс бўлиб қолиши” қалбларни ўзаро қарама-қарши бўлиб қолишига боғлиқ” (“Табйинул ҳақоиқ” китоби).

Ушбу маълумот “Дурарул-ҳуккам”да ва “Фатҳуллоҳул-мубийн” китобларида ҳам келтириб ўтилган.

Хулоса қилиб айтганда, имом ушбу масалада ҳолатдан келиб чиқиб иш тутиши мақсадга мувофиқ. Яъни, агар қавм сафларни тўғирлаб олишини эслатишга эҳтиёж бўлмаса, иқомат билан такбири таҳрима орасини бўлмаслиги афзал. Агар намозни бошлашдан аввал қавмнинг сафларни тўғирлаб олишини эслатишга эҳтиёж бўлса, “Сафларни тўлдириб, текислаб олинглар” дейиши ҳам жоиз. Лекин такбири таҳримадан олдин “маъруза” қилиб, иқома ва такбири таҳрима орасини кўп миқдорда бўлиб қўйиш яхши эмас. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 1261 times

Мақолалар

Top