Мақолалар

Илм олиш учун қайси вақт афзал?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Бешикдан то қабргача илм талаб қилинглар”, деганлар. Бу амр умумий бўлиб, ёш-у кексаларга баробардир.

Демак, илм талаб қилмоқ учун маълум бир ёш тайин қилинмаган ва ҳар ким ҳар-хил ёшда илмни таҳсил қилиш имконига эга. Оқил инсон эса ана шу имкониятдан унумли фойдаланади. Бундан ташқари, илм излаш чегара билмас ҳузур бағишлайди.

Ҳасан ибн Зиёд фиқҳ илми билан шуғулланишни бошлаганида саксон ёшда эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васаллам асҳобларининг кўплари кекса бўлса-да, Исломни қабул қилиб, сўнгра илм таҳсили билан машғул бўлганлари ҳаммамизга маълум. Аммо имкониятга қараб ёшликдан таҳсилни бошламоқ мақсадга мувофиқ.

Толибнинг фаҳми етадиган, англаб олишига яқин, енгилроқ бўлган сабоқдан бошлаш керак. Агар ўтган машойихларнинг услубларини кўллаб дарс берилса, энг тўғри йўл ва фойдалироқ бўлар эди, – дейди Шайхул Ислом, буюк имом Шарафуддин ал-Уқайлий (р.а.) ҳазратлари. Чунки улар таълимни бошловчига кичик-кичик, кенг ёритилган манбаларни ихтиёр қилганлар. Зеро, бу ёд олиш, тушуниб олишга ҳам енгил ва қулай бўлиб, малол ва оғир келишдан узоқдир. Дарс ўзлаштириб, пишиқ такрорлагандан кейин, янги сабоқни улаб кетмоғи шартдир. Дарсни узиб қўйишдан сақланиши зарур. Талаба дафтарига ўзи тушунмайдиган нарсани зинҳор ёзмасин! Чунки бу толиқишни, кейинроқ эса эринчоқликни келтиради. Зеҳнни кетказади ва вақтни зое ўтмоғига сабаб бўлади.

Дарс тайёрлашлик учун энг қулай вақт саҳар вақти ва шом билан хуфтон намозининг ўртасидир. Чунки саҳарда инсоннинг зеҳни, фикри ўткир ва тиниқ бўлади ҳамда бутун олам сукунатга, тинчликка шўнғиган бўлади. Бу ҳолат эса толиби илмга илҳом бахш этади.

Албатта, толиби илм шу икки вақт билангина кифояланиб қолмасдан, балки бутун вақтини имконияти борича, дарс тайёрлашга бахшида қилиши лозимдир. Агар бир дарси унга малол келса, бошқаси билан машғул бўлсин, униси малол келса, яна бошқаси билан. Муҳаммад ибн Ҳасан Раҳматуллоҳи алайҳ тун бўйи ухламас эдилар. Ёнларида доимо дафтар бўлиб, агар бир дарс малол келса, бошқасига қарар, буниси ҳам малол келса, ёзиш билан машғул бўлар эдилар. Ёнларида доимо сув ҳам турар эди, агар уйқу ғолиб келса, сув билан уйқуларини кетказар эдилар.

Маълумки, инсон ҳаёти ўлчовлидир. Вақтнинг қадрига етган, уни ҳурмат қилган киши ўзини, ўз умрини ҳурмат қилган ҳисобланади. Ҳар ким ҳар вақтда ўзи ўйлаган ишни бажара олмайди. Зотан баъзида пайдо бўлиб қоладиган бўш вақтларда ўша битира олмаган ишларни бажариб олишга имкон туғилади. Мўмин киши мана шундай бўш вақтларни ҳам Аллоҳнинг неъмати деб билмоғи лозим. Аксинча, вақтга бепарво бўлиш умрнинг заволидир.   

Имомиддин домла Бобоқулов,

 Имом Термизий ўрта махсус ислом

таълим муассассаси ўқитувчиси

Read 1131 times

Мақолалар

Top