Мақолалар

Қандай қилиб баракотли одам бўлсам бўлади?

Қандай қилиб баракали бўлиши мумкин? Ийсо алайҳиссаломнинг “Мени қаерда бўлсам ҳам баракотли қилди” (Марям сураси, 31-оят) деган гапларини Қуръонда ўқиганимизда  шу савол ҳеч хаёлимизга келганми?

Барака фақат Аллоҳ тарафидан бўлади, шунинг учун ҳам Ийсо алайҳиссалом Аллоҳдан сўраганлар.

Яна бир мисол: Анас розияллоҳу анҳунинг онаси уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келиб: “Ё Расулуллоҳ, бу Анас, энди сизнинг ходимингиз бўлади, унинг ҳаққига дуо қилинг”, деганида у зот алайҳиссалом: “Аллоҳим, унинг молини, фарзандларини кўпайтиргин. Берадиган неъматларингда унга барака бергин”, деб дуо қилганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётдаги кўп ишларда баракани сўраб дуо қилганлар. Масалан, оила қуриш борасида кимдир у зотнинг ҳузурларига келиб оила қураётганини айтса, уни табриклаб: “Аллоҳ сенга барака берсин, орангизни яхшиликда жамласин”, деб дуо қилардилар.

Бирор ким у зотга таом улашса, унинг ҳаққига: “Ё Аллоҳ, уларга ризқ қилиб берган нарсаларингда барака бер, гуноҳларини кечир ва уларга раҳм қил”, деб дуо қилардилар.

Барака билан одам бошқалар қила олмайдиган ишларни қила оладиган бўлади, бошқаларда йўқ имкониятларга эришади.

Масалан, баъзи одамлар ўн соатлаб ухлаб, уйғонганда яна худди ҳеч қанча ухламагандек дангаса ҳолда уйғонади.

Яна баъзи одамлар беш соат ухлаб тетик ҳолда, мияси тўлиқ дам олган ҳолда уйғонади.

Тонг вақти энг баракали вақтлардан саналади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй Аллоҳ, умматимга тонгни баракали қил”, деб дуо қилганлар.

Ризқдаги барака унинг етарли бўлишидадир. Шундай одамлар бор, минг-минг доллар ойлик олади, лекин ой охирига бориб ҳатто қарзга кириб қолади!

Мол-дунёдаги барака – инсон озгина пул билан кўп нарса қила олишидадир.

Илмдаги барака одам бирор оят ёки ҳадис эшитса, илгари эшитмаган фикр ёхуд маълумотга дуч келса, ундан фойда олиб, ҳаётига татбиқ қилишидадир. Мана шу баракотли илм дейилади. Одамлар бор, неча-нечалар маърузаларни эшитишади, қанча-қанча илм суҳбатларида қатнашишади-ю, лекин ҳаётида унинг асарини ҳам кўрмайсиз!

Хонадондаги барака аҳли учун унинг кенг бўлишидир. “Уйим сиғдирмаяпти” деганларнинг қанчасини эшитганмиз-ку! Баракотли уйга фаришталар нозил бўлади, шайтонлар эса ундан қочади.

Аллоҳдан хонадонимизга барака беришини сўрайлик, зеро Аллоҳ Нуҳ алайҳиссаломга: “Ва: “Эй Роббим, мени муборак манзилга тушургин, Сен ўзинг манзилга туширгувчиларнинг энг яхшисисан”, дегин, дедик”. (Мўминун сураси, 29-оят) дейишни илҳом қилган.

Қуръон ҳақида ҳам айни вақтда “Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир” (Сод сураси, 29-оят) дейилган. Демак, қалбингизга Қуръон жо бўлса, унга Қуръоннинг баракаси ўтади ва шу билан қалбингиз очилади. Уйингизда Қуръонни ўқисангиз фаришталар уйингизни қуршаб олади ва баракага тўлади.

Қуръон оятларига амал қилсангиз, умрингизга баракот берилади, Аллоҳ наздидаги даражангиз кўтарилади.

Ўзингизга, аҳлингизга барака сўраб дуо қилинг. Бир солиҳ киши айтган экан: “Фарзандларингиз ҳаққига қиладиган дуоларингиз ичида энг яхшиси – Аллоҳим, мени тириклик вақтимда ҳам, ўлганимдан кейин ҳам уларнинг баракотига йўлиқтиргин (яъни барака топганини менга кўрсатгин)”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1172 times

Мақолалар

Top