Мақолалар

Кундалик ишлардан ажралмай фарзандигизни тарбия қилинг

Кўпчиликдан “Фарзандингиз тарбиясига қанча вақт ажратасиз?” деб сўралса, ишлари кўплигини ёки ишдан кеч қайтишларини, аёллар эса, уй-рўзғор ишларидан бўшамасликларини баҳона қилишади. Аслида бу гапларнинг барчаси бекорчи гаплардир. Чунки фарзанд тарбияси кунда бир-икки соат шуғулланиш билан битадиган иш эмас. Фарзанд тарбияси ота-онанинг ўзи амалда яшаб кўрсатадиган, узоқ вақт-ойлаб, балки йиллаб давом этадиган жараён ҳисобланади.

Сиз уйда ўз ишларингиз билан машғул бўлган вақтингизда ёки кўча-кўйда, бозор-ўчарда юра туриб, фарзандингизга бир умрга татигулик тарбияни, сабоқни беришингиз ҳам мумкин.

Фарзандлар билан ўз ишларини маслаҳат қилиш ҳам тарбиянинг энг самарали усулларидандир. Болаларга ишда ёки кўчада содир бўлган воқеани, мураккаб жараённи айтиб, муаммони уларнинг эркин фикрига тақдим қилиш ва улардан бунга ечим сўраш, кейин уларнинг маслаҳатига кўра амал қилиш кўп ҳолатларда болаларнинг эрта ёшда масъулиятни ҳис қиладиган тартибли, интизомли бўлиб ўсишларига сабаб ўлади.

Қуйида фарзандларини кундалик турмушнинг турли жабҳаларида, йўл-йўлакай тарбия қила олган кишиларнинг тажрибаларидан намуналар тақдим қиламиз.

Даладаги кенгаш мажлиси

Отам оддий бир деҳқон эдилар. Эрталабдан кечгача далада вақтлари ўтарди. Биз оилада 10 нафар фарзанд эдик. Отам ҳаммамизни далага ўзлари билан олиб чиқардилар. Кейин даладаги ишларни бизга маслаҳат солардилар. Бу мавсумда нима экамиз, ерга қандай ишлов берамиз, дорини қандай ва қайси пайтда сепишимиз керак, экинни қачон суғорамиз, қўшнилар билан сув навбатини қандай ташкил қиламиз, шударнинг барчасини маслаҳатлашардик.

Дадам бизнинг, ҳатто, энг кичик укаларимнинг ҳам фикрларини эътибор билан эшитар, кейин “Ҳа, яхши гаплар бўлди, баракалла!” деб ҳаммамизни умумий мақтардилар. Биз бу олқишларни эшитганимиздан сўнг кучимизга куч қўшиларди, яна янги қувват билан, шижоат билан ишга киришиб кетардик.

Маълумки, далада иш кўп бўлади. Дадам ҳаммамиз йиғилган пайтимиз фалон ишни ким қилади, фалон юмушни ким зиммасига олади деб ишларни ҳам тақсимлаб берардилар. Шунда ҳаммамиз ўз ишимизни масъулият билан бажарар, ишларни бажаришда ҳамма ўз вазифасини билгани учун сансоларлик ҳам бўлмас эди.

Ўқиш-ёзишни ҳам билмайдиган марҳум отам бизни мана шундай ҳиқматли услублари ила аҳил-иноқ жамоага айлантириб қўйгандилар.

Отам ўтиб кетганларидан кейин ҳам ўша далада ўтириб ўтказган маслаҳат мажлисларимизни кўп эслайдиган бўлдик. Бундай оилавий маслаҳат кенгаши бизга одат бўлиб қолганди. Қалбларимиз шундай ўтиришларни қўмсарди. Шу сабаб отамдан кейин ҳам ўшандагидек мажлисларни тўхтатмадик. Ака-укалардан қайси биримиз ер, ҳовли ёки машина сотиб олмоқчи бўлсак ёки ичимиздан кимдир ўғил уйлантирмоқчи, қиз чиқармоқчи бўлса ҳам барча жигарларни йиғиб маслаҳат қилишга одатландик.

Отам бизга ўша дала суҳбатларини бошлаб берганларидан бери 30 йилдан кўпроқ вақт ўтибди. Аллоҳга шукрки, ҳали ҳануз бир тану бир жон бўлиб, бир-бирмизни яхши кўриб, қўлимиздан келганча бир-биримизга керакли маслаҳатлар, ёрдамлар бериб ҳаёт кечирмоқдамиз.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 919 times

Мақолалар

Top