Мақолалар

У менинг аёлим!

Устоз Ислом Абдуттаввоб аёлларининг хислатлари ҳақида мақола ёзибдилар:

“Одатда аёлини мақтаб мақола ёзган одамни ёки эрини мақтаб мақола ёзган аёлни учратмаймиз. Доим икки тарафдан бири наригиси устидан шикоят қилиб ёзганини ўқиймиз ва эшитамиз. Аслида иккисидан бири яхши бўлса, оиласини бахтли оила қила олади, гарчи бунда жуфти унга боғланмаса ҳам!”.

Мен бир куни аёлимнинг менга муносабати ҳақида ўйлаб қолдим. Эътибор бериб қарасам, у мени шу қадар яхши кўрарканки, доим атрофимда гирди-капалак бўларкан. Унинг кўз олдидан бир лаҳза ҳам ғойиб бўлмаслигим учун “Қанийди ишлари уйнинг ўзида бўлса эди!” деб орзу қиларкан. Кўпчилик аёллар эса бунинг акси, эрлари ишга кетса, ўзида йўқ хурсанд бўлишади.

Менинг аёлим мени яхши кўради ва яхши кўришини изҳор қилишдан чарчамайди. У мен билан ўйнашишга, хурсанд қилишга ҳаракат қилади, ғамларимни мендан аритиш учун… Мен маҳзун бўлиб қолсам, унга ҳам маҳзунлигим ўтади. Мендан қайғу ва сиқилишни кетказиш учун маҳзун қилаётган нарса нималигини очиқлашга ҳаракат қилади.

Аёлим мени доим гапга солади, чунки уни ҳис қилишимни ва ундан бошқа нарса ҳақида ўйламаслигимни хоҳлайди. Уйдамас вақтим телефон қилиб гаплашади, севишини, менга иштиёқманд бўлиб ўтирганини изҳор қилади.

Мен уни уй ишларини қилмайдиган замонавий хонадондан олган эдим, уйида хизматчилар бор эди. Лекин уйланганимдан кейин уй ишларини шу даражада чиройли тартибда бажарадиган бўлдики, мен мутлақо нуқсон топа олмасдим.

Аёлим бошқа аёллар сингари тиллага, уни йиғишга қизиқмайди. Аксинча яшаб турган уйимиздан яхшироқ хонадонга кўчмоқчи бўлганимизда уни сотиб юборди. Кейинроқ ўрнига ўрин тилла-тақинчоқлар олиб берай, десам, унамади ва унга бермоқчи бўлганим ўша пулни уйга керак бўладиган нарсаларга ишлатди.

Эътибор берсам, аёлим модомики у билан бахтли яшар эканмиз, оз нарсага ҳам қаноат қилар экан. У нимани хоҳласа, бисёр қилинишига ўргангани учун мен унга тўкин-сочинчилик қилиб беролмаётганимни айтиб, афсусимни ифода қилганимда, у дарҳол менга Аллоҳ бизнинг устимизга тўкиб-сочиб қўйган неъматларни эслатди ва биз Аллоҳнинг розилигидан бошқа ҳеч нарсага муҳтож эмаслигимизни айтди!

Бизнинг иккита фарзандимиз бор. Аёлим жуда яхши она ва тарбиячи! Уларнинг тарбияси билан шуғулланишни ўзининг дарсларидан ҳам устун кўради ва натижада ўзининг дарслари орқага сурилади. Алҳамдулиллаҳ, бизнинг иккала фарзандимиз ҳам аълочи, қариндошлар ва атрофдагилар уларнинг тарбиясини мақташади.

Аёлим қўшнилар билан ҳам жуда яхши муомалада. Уларга ёрдамлашишдан ҳеч қочмайди. Қўлидагини уларга эҳсон қилишни яхши кўради.

У дугоналарига ҳам аёл эрига итоат этиши, бўйсуниши лозимлигини уқтиради. Неча марталаб дугоналаридан эрига итоатсизлиги ёки қайсарлиги сабаб хафалашиб қолганини эслайман!

Аёлим уйини ҳаётида биринчи ўринга қўяди ва у бунга ҳеч ачинмайди. Мен айни вақтда аёлим, икки фарзандим ва аёлим жаннатга айлантирган уйим билан жуда бахтлиман. Дунёда асло ундан юз ўгиришни хоҳламайман!

Ҳа, азизлар, у менинг аёлим, мен уни яхши кўраман ва Аллоҳдан уни олий Фирдавс жаннатида ҳам менга жуфт қилиб беришини сўрайман! Мен шундай аёлим борлиги билан фахрланаман!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1271 times

Мақолалар

Top