Мақолалар

Эгасидан берухсат олинган дарахтлар

Cавол: Бир хонадонда бир нечта олма дарахтлари бор экан. Суриштириб билинса, бу дарахтлар ниҳоллик вақтида ўғирлаб олиб келинган экан. Хонадон эгаси қилган хатосини тушуниб, нима қилишни билмаяпти. Кесиб ташласинми ёки бошқа нимадир қилиш мумкинми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Динимизда ҳеч ким ўзгага тегишли нарсани унинг рухсатисиз ейиши, ишлатиши мумкин эмас.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берса, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).

Ўғирланган нарсалар ҳақиқий эгасининг ҳақи ҳисобланади. Шунинг учун бу одам ниҳол эгасини топиб, дарахтни ҳам, мевасини ҳам қайтариши ва қилган ўғирлиги учун истиғфор айтиши лозим бўлади. Ёки қийматини бериб, эгасининг розилиги билан мазкур дарахтлардан фойдаланиши ҳам мумкин.

Агар эгасини топишнинг иложи бўлмаса, дарахтни кўчириб, бирор умумий фойдаланиш жойларига, масалан, кўча, болалар боғчаси, мактабларга экиб берсин. Ана шунда савоби эгасига бориб туради.

Бу ҳақда фиқҳий манбаларимизда бундай дейилган: “Бирор кишининг зиммасида қарзлар ёки зулм билан олинган нарсалар бўлса ва уларнинг эгалари топилмаса, гарчи барча мол-мулкига тенг миқдорда бўлса ҳам олган нарсалари миқдорича садақа қилади. Шу билан у охиратдаги жавобгарликдан қутилади” (“Танвирул абсор” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 1171 times
Tagged under

Мақолалар

Top