Мақолалар

Кўзимни қувонтирасан

Бошланғич синфда ўқиган пайтимда ўқишим бироз орқада эди. Бир куни онам: “Қизалоғим, мен Аллоҳ таолодан ўқишларинг аъло бўлишини ва дунёда ҳам, охиратда ҳам мени хурсанд қилишингни сўраяпман, иншааллоҳ, сен бу дунёда ҳам, охиратда ҳам менинг кўзимни қувонтирасан”, дедилар.

Онам бу гапларини шундай самимий, шундай тўлқинланиб айтдиларки, ҳатто кўзларида ёш ҳам йилтирагандек бўлди ўшанда. Бу гапдан таъсирланмасликнинг иложи йўқ эди.

Ўша кундан бошлаб мен дарсларда жидду-жаҳд қилиб, шерикларимдан ўзиб кетишга ҳаракат қила бошладим. Бошида бу осон бўлмади. Чунки мактабда ўқиши пастлиги билан танилиб қолган болаларнинг устозлар назарига тушиши осон эмас экан. Тенгдошларим ҳам аввалига дарсларни яхши тайёрлаб боришимни ҳазм қилишолмади. Менга кимдир тайёрлаб бераяпти деб ўйлашди.

Тўғри, баъзида дарсларимга онам қарашиб турардилар. Лекин аксар вазифаларимни ўзим бажарадим. Онам ҳам менга вазифаларимни қилиб бермас, балки фақат тушунтириб берардилар, холос.

Охир-оқибат Аллоҳнинг фазли билан кўп машаққат ва қийинчилик билан бўлса-да аълочилар доскасидан суратим жой олишига эришдим. Кейинчалик коллежда, ундан кейин университетда ҳам энг фаол талабалар сафида бўлдим. Олий ўқув юртлари ўртасида ўтказилган мусобақаларда бир неча бор ғолиб бўлдим.

Онамнинг биргина айтган ўша гаплари менинг шунчалик ўзгаришимга сабаб бўлди.

Демак фарзандларимизга худди катталардек самимий муносабатда бўлишимиз, “Улар ҳали ёш бола, бундай гапларни тушунмайди” демасдан, уларга дилдан гапиришимиз ўзининг кучли таъсирини бермай қолмас экан.

Аллоҳга шукрки, аъло баҳоларим билан бу дунёда онамни хурсанд қилиш, розиликларини олиш насиб бўлди. Энди қиёматда ҳам у кишининг кўзини қувонтирадиган ҳолда бўлишимни Аллоҳдан сўраб қоламан.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 888 times

Мақолалар

Top