Мақолалар

Вақт ўғриси

Бирор кимнинг зиёратига бормоқчи бўлсангиз, зиёратга муносиб вақт танланг ҳамда кўп ўтириб қолманг. Енгил ўтириб қайтиш пайида бўлинг. Чунки мезбоннинг шахсий ишлари, вазифалари бўлиши мумкин, сизга айтишдан ҳижолат бўлиб турган бўлиши мумкин. Ана шундай ҳолатда унинг олдида узоқ қолиб кетишингиз унга оғирлик бўлади.

Шайх Алий Тантовий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Эрта тонгдан уйғониб ишга отланадиган одам қолганларни ҳам ўзига ўхшатади. Битта одам бир куни тонгги олтида эшигимни тақиллатди, нима бўлди экан деб ўрнимдан туриб қарасам, мени кўргани келган эканлар. Менга қараб: “Безовта қилмадимми, кеттик бирга кетамиз!” дейди! Худди одам уйқудан уйғонгач, тўшагидан сакраб туриб тўғри кўчага чиқиб кетадигандек. Бу барака топкур ўйламайдики, одам деган ўрнидан тургач мундоқ ювинади, нонушта қилади, кийинади. Мен уйғонгач шуларни қилмасам қийналаман.

Яна баъзи одамлар ўзи кеч ухлагани учун бошқаларни ҳам шундай деб ўйлайди. Шунақалардан биттаси бир куни тунги соат ўнда эшигимни тақиллатибди. Уйқимни ташлаб у билан туннинг яримигача ўтириб чиқдим. Куни бўйи ишлаб чарчаган уй бекасини ҳам уйғотиб олдим, жаноби олийларига кофе, чой дамлаб бериш учун, эҳтимол оғирлик қилмаса кечки овқат ҳам қилиб берар дедим.

Яна баъзилар мен ишга ёки бирор учрашувга кетган пайтим тўсатдан келиб қолади-да, у билан ўтиришим учун ортимга қайтаради.

Ҳой биродарлар! Бунақада вақтнинг қадрини қачон биламиз? Қачон тушуниб етамиз битта одамнинг бир соат вақтини ўғирласак, чўнтагидан бир динор ўғирлагандек бўлишимизни?

Қачон Қуръоний одоблар билан хулқланамиз?! Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча кирманг” (Нур сураси, 27-оят), деган-ку.

Кейинги оятда эса: “Агар сизга қайтинг, дейилса, бас, қайтинг, ўша сиз учун покдир. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни ўта билувчидир” (Нур сураси, 28-оят) деб марҳамат қилган”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

Read 955 times

Мақолалар

Top