Мақолалар

Яхшиликлар ва ёмонликлар жадвали

Фарзандларимнинг яхшиликлар ва ёмонликлар ёзадиган жадваллари бор. Яхшилик қилишса яхшиликлар устунига, мабодо бирор ёмон иш қилишса, ёмонликлар устунига белгилаб боришади. Кўпинча бу ишни биз онаси билан бирга ўзимиз қиламиз.

Баъзида болалар ўзлари билиб белгилаб қўядилар. Кун охирида ётишдан олдин бир ҳисоблаб кўрамиз. Қилган яхшиликлари кўп бўлса, унга мукофот берамиз. Агар ёмонликлари кўп бўлса, унга жазо тайинлаймиз.

Жадвалнинг кўриниши: Яхшиликлар (савоб) – Ёмонликлар (жазо).

Бу ишни йўлга қўйганимизга кўп бўлмади. Лекин қисқа фурсатда болаларимизнинг ахлоқи яхшиланишига катта таъсир қилди. Болаларимиз кун давомида жадвалдан бохабар бўлиб туришади. Агар кечга яқин ёмон ишлари кўр бўлганини кўришса, ухлашга ётгунча яхшилик қилиб олишга шошилишади. Шомдан кейин қарасам, бир фарзандим шошилиб акасига ё опасига чой дамлаб бераётган бўлади, яна бири эса онасига “Онажон бирор хизмат йўқми” деб яхшилик устунини тўлдириш пайида бўлади. Яна бошқаси икки ракат намоз ўқиб олаётган бўлади. Хуллас уйимиз кечга яқин яхшиликлар тўлган, ҳамма бир-бирига яхшилик қилишга шошилган хонадонга айланиб қолади.

Энг хурсанд қиладигани, мана шу тартибни ўрнатганимиздан бери мен болаларимни деярли уришмадим, бирортасига танбеҳ бермадим. Сабаби улар жадвалдан кўриб фақат яхшилик қилишга ҳаракат қилишарди. Кейин мен уларга хатоларни, ёмонликларни “тавба” намози билан ўчиришлари мумкинлигини айтдим. Яъни икки ракат намоз ўқиб жадвалдаги ёмонликлар устунидан битта ёмонликни ўчириб ташлаш имкониятини бердим. Шу орқали фарзандларим нафл намозларга ҳам осонгина ўрганишди. Нафлларники кўп ўқиганларидан кейин табиийки, беш маҳал фарз намозларини ҳам қолдирмай, қазо қилмай ўқийдиган бўлишди.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 932 times

Мақолалар

Top