Мақолалар

Фарзандингизни жазолаганингизда нима дейсиз?

Гоҳида фарзандларимизни бирор айби учун танбеҳ бермоқчи бўлсак, ғазаб отига миниб оламиз. Уларга оғир-босиқлик билан насиҳат қилиш ўрнига ичимиздаги бор ёмон гапларни, сўкишу ҳақоратларни ёғдирамиз.

Айримлар ўз жигарпорасини бирор онгсиз ҳайвонга ўхшатса, яна айримлар бошқа турдаги фаҳш гаплар билан болаларини сўкадилар. Яна ҳам энг ёмони фарзандининг бебошлик қилиб содир этган айби учун уларни қарғайдиганлардир.

Баъзилар эса насиҳат қилиш керак экан деб соатлаб маъруза ўқиб, гапларининг таъсирини ўзлари камайтириб қўйишади. Аслида-чи? Аслида тарбия жараёнидаги танбеҳ қандай қилинса тўғри бўлади?

Оталардан бири айтади: “Аёлимнинг айтишига қараганда, мен болаларни уришиб бераётган пайтимда уларга жуда қўпол гапирар эканман. Лекин ўзим нима деётганимга эътибор бермас эканман. Аёлимнинг гапидан кейин ўзимнинг нима дейишимга, қандай гаплар билан фарзандларимга танеҳ беришимга аҳамият бердим. Аёлим ҳақ экан, ҳақиқатда мен жуда ёмон гапларни ишлатар эканман. Ўшандан кейин уларга танбеҳ бермоқчи бўлсам, фақат яхши сўзлардан фойдаланишни қасд қилдим. Масалан: “Астағфируллоҳ”, “Аъузу биллааҳи минаш шайтонир рожийм”, “Лаа ҳавла валаа қуввата иллаа биллааҳ” деган зикрларни айтиб жазолайдиган бўлдим. Алҳамдулиллаҳ, шундан кейин ғазабим келса ҳам ўзимни босиб тура оладиган бўлдим. Гапларим ҳам олдингидан кўра фарзандларимга яхшироқ таъсир қиладиган бўлди”.

Оналарнинг бири айтади: “Фарзандларимни жазолаб таъзирини бераётган пайтим “Аллоҳ ҳидоят қилгур” дейман. Менга бу гапни айтиш одат бўлиб қолган. Қачон болаларим жаҳлимни чиқаришса, қулоқсизлик қилишса, ҳатто уларни савалашга тўғри келиб қолса ҳам ўша пайтда оғзимдан беихтиёр “Аллоҳ ҳидоят қилгур” деган гап чиқиб кетади. Мен бу сўзларни онамдан ўрганган бўлсам керак. Онам ҳам бизнинг бирор ишимиздан аччиқлари чиқса, шундай деб танбеҳ берардилар”.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг Саҳиҳларида келтиришларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида маст қилувчи ичимлик ичишга ўрганган бир киши бўлган экан. Набий аалайҳиссалом унга қайтарилган ишни қилгани учун таъзир белгиладилар. Ҳалиги одам таъзирини олгандан бир муддат ўтиб, яна шу айби билан қўлга тушди.

Набий алайҳиссаломнинг такрор буйруқлари билан яна қамчи урилди. Бу ҳолатни кузатиб турган саҳобаи киромларнинг бири ҳадеб бир ишни қилаверадиган кишининг ҳолатидан аччиқланиб “Аллоҳнинг лаънатига учрагур” деб юборди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни лаънатлашдан қайтариб, умматга ҳар қандай вазиятда ҳам тилни тийиш кераклигини ўргатдилар.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1079 times

Мақолалар

Top