Мақолалар

Рўза депрессиядан халос қилади

Рўзадор кишининг чанқоқлиги унинг сабр-бардошини оширади, зеҳнни ўткирлаштириб, фикрини жамлайди ва асабни тинчлантиради.

Рўза ақлий ва нафсий иллатларни кетказиб, руҳий тушкунликдан халос қилади. Буни доктор Ю. Николаев ўз илмий тадқиқотида исботлади. У 1000 нафар беморни рўза билан муолажа қилди. Натижада, улардан 65% нинг ҳолати ижобий томонга ўзгарди. Беморларнинг ярмиси олти йилдан сўнг буткул соғайиб кетди. Шундан сўнг, у яна 35 та беморга “рўза дастури”ни қўллаб кўрди. Улардан 24 таси касалидан халос бўлди.

Баъзи шифокорлар сийдик йўли ва буйрак касалликлари билан оғриган беморларни рўза тутишдан қайтарадилар. Лекин мутахассисларнинг бу борада олиб борган тадқиқотлари бунинг аксини кўрсатди, яъни, рўза сийдик йўли касалликларига салбий таъсир қилмаслиги аниқланди.

Ислом динида бандаларга тоқати етмайдиган машаққатли, қийин амаллар таклиф қилинмайди. Хусусан, Рамазон рўзасини тутишга шаръий узри бор кишиларга енгиллик ато қилинган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди(Бақара сураси, 185-оят).

Агар рўза тутиш билан беморлар, кексалар, мусофирларга, ҳомиладор ва эмизикли аёлнинг ўзига ва гўдагига зарар етадиган бўлса, шариатимизда монеълар бартараф бўлгунча рўза тутмай туришликка рухсат берилган.

"Исломда саломатлик" китобидан олинди.

Read 773 times

Мақолалар

Top